
«Жосуслик қилмоқда» — Исроил армияси зобитлардан Хитой автомобилларини қайтариб олмоқда
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) юқори унвонли зобитларга берилган Хитойда ишлаб чиқарилган хизмат автомобилларини хавфсизлик хавотирлари туфайли қайтариб олишни бошлади. Тақиқ асосан Chery ва BYD каби моделларга тааллуқли бўлди.

Исроилда ЦАҲАЛ юқори лавозимли офицерлар ихтиёрида бўлган хитой автомобилларини қайтариб олиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда «Калкалист» ва «Исраэл Ҳайом» нашрлари мамлакат мудофаа вазирлиги хавфсизлик бўйича чиқарган расмий огоҳлантирувига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, армия тахминан 700 га яқин Хитойда ишлаб чиқарилган автомобилини, асосан Chery Tiggo 8 Pro моделини қайтармоқда. Ушбу етти ўринли кроссоверлар 2022 йилдан бери кўп болали зобитларга хизмат автомобили сифатида тақдим этиб келинган.
ЦАҲАЛ ҳозирча расмий изоҳ бермаган бўлса-да, бу қарор мамлакат мудофаа вазирлиги томонидан илгари берилган хавфсизлик тавсияларига мос равишда қабул қилинган.
Аввалроқ, 2025 йил бошида Исроил ҳарбийлари Хитой автомобилларига ҳарбий базаларга киришни тақиқлаган эди — сабаби, улардаги сенсорлар ва камералар махфий маълумотларни йиғиб, Хитой серверларига узатиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳалар эди.
Le Figaro нашрининг ёзишича, Исроил мудофаа вазирлиги айрим хитойча моделларни «энг махфий ҳарбий объектлар» ҳудудларига киришдан мутлақо ман этган. Шунингдек, ҳукумат давлат харидлари рўйхатидан Хитой электромобиллари — BYD ва бошқа бир неча брендларни чиқариб ташлаган.
Манбалар таъкидлашича, қарорнинг асосий сабаби — бу автомобиллар жосуслик фаолияти учун «маълумот йиғиш платформаси» сифатида фойдаланилиши мумкинлигидан хавотир. Шу муносабат билан ЦАҲАЛ ва мудофаа вазирлиги 2026 йил бошига қадар Хитой автомобилларидан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда.





