add

ЖССТ шакарли ва алкоголли ичимликларга акциз солиқларни оширишга чақирмоқда

Бугун 18:382 дақиқа

Ташкилот бу чора семизлик, диабет ва бошқа касалликларни камайтиришга ёрдам беришини маълум қилди.

ЖССТ шакарли ва алкоголли ичимликларга акциз солиқларни оширишга чақирмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бутун дунё ҳукуматларини шакарли ичимликлар ва алкоголга солинадиган солиқларни сезиларли даражада оширишга чақирди. Бу ҳақда ташкилотнинг глобал ҳисоботида маълум қилинди.

Ташкилот мутахассислари фикрича, зарарли маҳсулотларга нисбатан солиқ ставкаларининг паст бўлиши уларнинг нархини арзонлаштириб, аҳоли учун осон етиб боришини таъминламоқда. Оқибатда, семизлик, диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар, шунингдек, ёшлар ўртасида жароҳатланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг сўзларига кўра, инсон саломатлиги учун зарарли маҳсулотларга солиқлар касалликларнинг олдини олишнинг энг самарали механизмларидан биридир.

Ташкилот маълумотларига кўра, бугунги кунда 116 та мамлакатда шакарли ичимликларга акциз солиғи мавжуд. Бироқ, ширин ичимликларнинг катта қисми ҳали ҳам солиқдан озод қилинган. Алкоголли ичимликларга акциз солиғи камида 167 та мамлакатда жорий этилган бўлса-да, уларнинг аксариятида солиқ ставкалари замон талабларига мос равишда қайта кўриб чиқилмаган, бу эса спиртли ичимликларни арзон нархда сотиш имконини бермоқда.

Ташкилотнинг таъкидлашича, алкогол ва шакарли ичимликларга солиқлар оширилиши аҳолининг аксарият қисми томонидан қўллаб-қувватланади. Бу чора зарарли маҳсулотлар истеъмолини камайтириш билан бирга, давлат даромадларининг ошишига ҳам хизмат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоанда 2026 йилнинг 1 февралидан эътиборан айрим турдаги маҳсулотларга акциз солиғиғи оширилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид