
ЖСТга аъзолик: Евроиттифоқ ва Эквадор билан келишув имзолади
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Европа Иттифоқи ва Эквадор билан бозорга кириш бўйича муҳим икки томонлама протоколларни имзолади.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Эквадор билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида бозорга кириш масалалари бўйича келишувларни расман имзолади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
15 декабр куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида бозорга кириш бўйича икки томонлама протокол имзолангани маълум қилинди. Азизбек Ўрунов мазкур ҳужжатни Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишида «жуда муҳим илдам қадам» сифатида баҳолади. Протокол савдо режимини либераллаштириш ва Ўзбекистон бозорининг Европа компаниялари учун очиқлигини оширишни назарда тутади.
14 декабр куни эса Ўзбекистон Эквадор билан ҳам бозорга кириш бўйича икки томонлама музокаралар якунлари асосида протокол имзолаган. Эквадор Ўзбекистоннинг Жанубий Америкадаги иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Президентнинг ЖСТ бўйича вакилига кўра, Эквадорнинг қўллаб-қувватлаши Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун муҳим аҳамиятга эга.
Азизбек Ўруновнинг таъкидлашича, ушбу келишув Марказий Осиё ва Жанубий Америка ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади. Шу билан бирга, Эквадорнинг расмий қўллаб-қувватлаши ЖСТга аъзо давлатлар орасида Ўзбекистоннинг позициясини кучайтиради.
16 декабрь куни ЖСТ Бош кенгаши 2026 йилда Камерунда ўтказилиши режалаштирилган 14-Вазирлар конференциясига тайёргарлик ишларини бошлади. Ушбу жараён Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиш тақвими нуқтайи назаридан ҳам муҳим босқич ҳисобланади.
Аввалроқ, сентябр ойида Ўзбекистон Аргентина, Австралия ва Ҳондурас билан бозорга кириш бўйича протоколлар имзолаган эди.
Азизбек Ўруновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ЖСТга тўлиқ аъзо бўлиши учун ҳозирча Россия ва Тайван билан икки томонлама музокараларни якунлаш қолмоқда.
Аввалроқ Москвада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Россия билан музокаралар юзасидан самарали учрашув ўтказилгани, музокаралар деярли якунига етгани, асосий масалалар тўлиқ келишиб олинган, фақат техник деталларни якунлаш қолгани ҳақида хабар берган эдик.





