add

Журналистлар Башар Асад ва унинг генералларини Россиядан излаб топишди

Бугун 13:157653 дақиқа

Суриянинг 55 нафар юқори лавозимли амалдорлари, куч тузилмалари ва ҳарбийлари орасидан камида ярми бугунги кунда Суриядан ташқарида, шуларнинг катта қисми Москва ва бошқа Россия ҳудудларида яшамоқда.

Журналистлар Башар Асад ва унинг генералларини Россиядан излаб топишди

Сурияда Башар Асад тузуми ағдарилгандан сўнг унинг яқин атрофидаги шахсларнинг бир қисми Россияга кўчиб ўтгани маълум бўлиди. The New York Times нашрининг аниқлашича, Суриянинг 55 нафар юқори лавозимли амалдорлари, куч тузилмалари ва ҳарбийлари орасидан камида ярми бугунги кунда Суриядан ташқарида, шуларнинг катта қисми Москва ва бошқа Россия ҳудудларида яшамоқда.

Нашр маълумотига кўра, Башар Асад муҳожиратдаги ҳаётини Москва марказида жойлашган Four Seasons меҳмонхонасидан бошлаган — бу ерда ҳафталик яшаш нархи 13 минг долларга етиши мумкин. Кейинчалик у «Москва-Сити» мажмуасидаги «Федерация» минорасининг икки қаватли пентҳаусига кўчган, ундан сўнг эса Рублёвкадаги шахсий уйга жойлашган. Унинг ҳаракатлари ҳанузгача россиялик махсус хизматлар назоратида бўлиб, оиласининг хавфсизлиги ҳам улар томонидан таъминланмоқда.

Унинг укаси Моҳир Асад — Республика гвардияси ва 4-танк дивизиясининг собиқ қўмондони ҳам дастлаб Four Seasons меҳмонхонасида яшаган. NYT манбаларига кўра, у ҳотелнинг спорт залида кўринган ва у ерда содир бўлган воқеаларни «шармандалик» деб баҳолаган. Кейинчалик Моҳирни «Москва-Сити»даги Capital Towers атрофида кўришган. Шунингдек, у «Мята Platinum» чилимхонасида ва «Афимолл» савдо-кўнгилочар марказида ҳам учраган.

Асад ака-укаларининг қизлари ҳозирги кунда маҳаллий ҳукумат рухсати билан Бирлашган Араб Амирликларида яшамоқда. Иккаласи ҳам яқинда 22 ёшини нишонлади. Башар Асаднинг қизи Зайн учун Рублёвкадаги уйда йўлга қўйилган ҳашаматли туғилган кун тантанаси ташкил этилган. Моҳир Асаднинг қизи Шам эса Дубайда — аввал Bagatelle ресторанида, кейинча шахсий яхтада туғилган кунини нишонлаган. Нашр ёзишича, Зайн Абу-Дабидаги Сорбонна филиалида таҳсил олмоқда ва шу билан бирга МГИМО дипломини ҳам қўлга киритган.

Асад ака-укаларининг собиқ ҳамкорларга муносабати турлича бўлган. Манбалар маълумотига кўра, Моҳир Асад айримларига уй-жой ёки бизнес бошлаш учун молиявий ёрдам берган. Башар Асад эса аксинча — ўз атрофидагиларнинг бир қисмини ёрдамсиз қолдирган. Унинг шахсий ёрдамчилари аввалига уч киши бир хонали Four Seasons номерига жойлаштирилган, эртаси куни эса ўз ҳисобларидан тўлашларини сўрашган. Асад билан боғлана олмаган ёрдамчиларга кейинроқ казармага кўчиш таклиф қилинган. Уларнинг бири охирида Сурияга қайтиб, тоғли қишлоқда яшириниб яшамоқда. Иккинчиси эса Россияда қолиб, жиддий молиявий қийинчиликлар билан яшамоқда.

The New York Times журналистлари Сурия элитасининг 55 нафар собиқ вакиллари — амалдорлар, ҳарбийлар, махсус хизматлар раҳбарлари ва кимёвий қурол ишлаб чиқишда иштирок этган олимлардан камида ярми Россияда эканини аниқлади. Улардан фақат бири қўлга олинган.

Россияда эканлиги аниқланганлар орасида қуйидагилар бор:

– Сурия разведкаси собиқ раҳбари, 79 ёшли Али Мамлук. У Москвадаги хонадонда яшамоқда, газетанинг ёзишича, унинг харажатлари Россия бюджети ҳисобига қопланади;

– Асад режимининг наркотик савдосидаги асосий фигураларидан бири — Ҳассан Билол. У Дубайдан Испаниягача бўлган мамлакатларда ўз оиласининг рўзғорини молиялаштирмоқда;

– Мир шажарасига қарши олиб борилган намойишлар вақтида отиш буйруғини берган собиқ ҳарбий командир Жамол Юнус — Москва кўчаларида самокат миниб юрган ҳолда кўрилган;

– Қийноқ ва зўравонликларда айбланаётган собиқ мудофаа вазири Али Аббос ҳамда бош штаб собиқ раҳбари Абдулкарим Иброҳим «Европейский» савдо марказида кўзга ташланган;

– Намойишчиларга нисбатан жазолаш амалиётларида айбланаётган генерал Кифоҳ Мулҳам ва унинг куёви Ҳассан Исмоил Москвадаги катта уйда яшамоқда. «Биз оддий фуқаролар сингари яшаяпмиз», — деган у газетага.

Асад режимида хизмат қилган оддий офицерлар учун муҳожират анча оғир кечмоқда. The New York Times маълумотларига кўра, 1200 нафардан зиёд суриялик куч тузилмалари ходимлари мамлакатни Россия ҳарбий базалари орқали тарк этган. Улар айрим ҳолатларда самолётда жой эвазига пора берган. Россияга келганлар аввал казармаларда уч-тўрт киши бир хонада яшаган, бир неча ҳафта ўтиб, ўзларига уй топиш талаб қилинган. Айримлари давлатдан моддий ёрдам олган ва мамлакатнинг турли минтақалари, жумладан, Сибирга жойлаштирилган.

Аввалроқ Guradian журналистлари Башар Асад Россияда нима билан банд экани ва оиласининг Москвада қандай яшаётганини аниқлашга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Теглар

Мавзуга оид