add

Кам таъминланган фуқароларга Конституциявий судда ҳам бепул адвокат берилади

31.10.2025 | 17:402322

Сенат моддий қийин аҳволдаги фуқароларга Конституциявий судда ҳам давлат ҳисобидан адвокат ёрдамини олиш имконини яратувчи қонунни қабул қилди.

Кам таъминланган фуқароларга Конституциявий судда ҳам бепул адвокат берилади

Сенатнинг 11-ялпи мажлисида «Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилиниб, қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Аввал фуқаро жиноят ёки фуқаролик иши юзасидан судга мурожаат қилганда, агар у кам таъминланган бўлса, унга давлат ҳисобидан адвокат тайинланарди. Аммо кимдир Конституциявий судга мурожаат қилган тақдирда, бу ҳуқуқ амал қилмас эди. Янги қонун орқали энди бундай фуқароларга ҳам бепул адвокат тайинланиши белгилаб қўйилди.

Ҳужжатга кўра, агар фуқаро судда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини шубҳа остига олиб, Конституциявий судга мурожаат этса, унинг илтимосига биноан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади. Бу норма кам таъминланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам бўлади.

Сенаторлар таъкидлашича, қонун Конституциянинг 55-моддасида белгиланган «ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонун билан тақиқланмаган усулларда ҳимоя қилишга ҳақли» деган қоидани тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади.

Шу орқали фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқлари бузилганда, уларни тиклаш учун Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

Қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлайди ва малакали юридик ёрдамдан барча фуқаролар тенг асосда фойдаланишини кафолатлайди.

Теглар

Мавзуга оид

Кам таъминланган фуқароларга Конституциявий судда ҳам бепул адвокат берилади | Vaqt.uz