add

Камбағал оилаларга дарахт эккани учун субсидия берилади

Кеча 19:183302 дақиқа

Ўрмон фонди ерларида дарахт экиб парваришлаган камбағал оилаларга давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилади.

Камбағал оилаларга дарахт эккани учун субсидия берилади

Ҳукуматнинг 18 декабрдаги 798-сонли қарори билан камбағал оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартибини белгилайдиган низом тасдиқланди. Ушбу қарор аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга, яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган.

Низомга мувофиқ, камбағал оила аъзолари томонидан ўрмон фонди ерларида экилган ва белгиланган тартибда парваришланган ҳар 100 та дарахт учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида субсидия ажратилади. Бу қўллаб-қувватлаш аҳолини дарахт экиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига фаол жалб этишни мақсад қилади.

Талабгор белгиланган тартибда ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан тайинланган масъул ходим — мураббийнинг тавсиялари асосида майдонни тайёрлайди. Дарахт кўчатлари бир мавсум давомида экилганидан сўнг, уларни парвариш қилиш ҳам талабгор зиммасига юкланади.

Экилган кўчатлар мураббий ва туман ёки шаҳар экология бўлими ходимлари иштирокида жойига чиққан ҳолда текширилади. Натижалар далолатнома ва фотоҳисобот асосида расмийлаштирилади. Шу асосда дарахтлар қабул қилиб олинади.

Шундан сўнг, туман ёки шаҳар экология бўлими томонидан «Экофаол фуқаро» платформасида ҳар бир талабгор учун шахсий кабинет очилади. Унда экилган дарахт кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар киритилади ва беш иш куни ичида тасдиқланади ёки рад этилади.

Маълумотлар тасдиқланганидан кейин, экология бўлими субсидиянинг 50 фоизини тўлаш учун ҳудудий экология бошқармаларига талабнома юборади. Экология ва иқлим ўзгариши бўйича тегишли бошқармалар маблағларни беш иш куни мобайнида талабгорнинг банк картасига ўтказиб беради.

Теглар

Мавзуга оид