Камбағаллик чегараси нега инфляциядан паст индексация қилинди?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2026-йилда илк маротаба минимал истеъмол харажатлари умумий инфляциядан паст бўлганини маълум қилди, аммо бу биринчи марта эмас. 2025-йилда шундай ҳолат бўлган.

2026-йил учун камбағаллик чегарасини белгилайдиган минимал истеъмол харажатлари инфляциядан паст даражада оширилди. Vaqt.uz мухбири бу масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан изоҳ сўради.
2025-йил февраль ойидаги индексациядан кейин тўпланган инфляция камида 7,5–8 фоиз атрофида баҳоланмоқда. Шунга қарамасдан, минимал истеъмол харажатлари атиги 6,88 фоизга оширилди.
Бу ҳолат бозордаги нархлар тезроқ ўсиб бораётган бир пайтда камбағалликни ҳисоблаш учун асос бўладиган минимал чегара ундан секинроқ оширилаётганини кўрсатади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакили Марат Жўраевнинг таъкидлашича, минимал истеъмол харажатлари ҳар доим ҳам умумий инфляция кўрсаткичига тенг бўлмайди.
«Бу йил биринчи марта индексация минимал истеъмол харажатлари бўйича умумий инфляциядан паст бўлди. Лекин аввалги йилларда аксинча ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, 2023-йилда минимал истеъмол харажатлари 14 фоизга индексация қилинган, ўша йили инфляция 12,3 фоиз бўлган», — деди Марат Жўраев.
Унинг сўзларига кўра, минимал истеъмол харажатлари умумий инфляция эмас, балки унинг таркибий қисмлари асосида ҳисобланади.
«МИХни ҳисоблашда инфляциянинг учта таркибий қисми — озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматлар нархлари инобатга олинади. Бунда асосий эътибор озиқ-овқат саватига қаратилади. Шунинг учун индексация ҳар доим умумий инфляция даражаси билан бир хил бўлмайди», — дея изоҳ берди вазирлик вакили.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил учун минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўм этиб белгиланган. Йиллик ҳисобда камбағаллик минимуми 7,7 фоизга оширилган бўлса, шу даврда расмий инфляция 9,9 фоизни ташкил этган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам бу ҳолат илк бор кузатилмаётганини таъкидлади.
«Афсуски, бу биринчи марта эмас. Нафақат 2026 йилда, балки 2025 йилда ҳам минимал истеъмол харажатлари инфляциядан паст даражада индексация қилинган», — деди иқтисодчи.
Унинг таъкидлашича, МИХ жорий этилганидан буён тўпланган инфляция ва индексация кўрсаткичларини таққослаш бу тенденцияни яққол кўрсатади.
«Минимал истеъмол харажатларини ойлаб кечикиб эълон қилиш эса аллақачон нохуш анъанага айланиб бўлган», — дея қўшимча қилди Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ минимал истеъмол харажатлари ҳисоб-китоби ва республика бўйича ягона мезон сифатида қўллаш масаласи юзасидан вазирликдан изоҳ сўралганини маълум қилган эдик.
Теглар






