
Камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушди — Президент
Жорий йилда даромадли аҳоли сони ошди, ишсизлик камайди ва камбағалликни қисқартириш режаси муддатидан олдин бажарилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида маълум қилди.

Жорий йилда Ўзбекистонда аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилди. Йил давомида 5 миллион нафар аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Бу меҳнат бозорида фаоллик ошгани ва амалга оширилган дастурлар самара берганини кўрсатади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида қарийб 1,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди. Илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудуд сифатида эътироф этилди. Бу маҳалла даражасида камбағалликка қарши иш олиб бориш самарадорлиги ошганини англатади.
Болаларни қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб 208 та боғчада илк бор инклюзив таълим тизими жорий этилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди. Бу сўнгги йилларда эришилган энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Президент таъкидлаганидек, ислоҳотлар бошланган пайтда аҳолининг қарийб учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшаган. Кредит, субсидия ва компенсация каби 100 дан ортиқ хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди ва ваколатлар маҳалладаги «еттилик»ка берилди.
Натижада 8,5 миллиондан ортиқ фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик икки баробарга қисқарди. Шу тариқа 2026 йил якунигача камбағалликни икки карра камайтириш бўйича белгиланган мақсад жорий йилнинг ўзидаёқ бажарилди.





