Камера ва радарлар бўйича ИИВга сўров юборилди
Парламент камера ва радарлар фаолияти самарадорлиги ҳамда ҳайдовчилар шикоятлари юзасидан Ички ишлар вазиридан расмий тушунтириш сўради.

28 апрел куни Қонунчилик палатаси мажлисида ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга автомобиль фото ва видео қайд этиш воситаларининг самарадорлиги юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда камера ва радарларнинг ўрни муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда транспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўл ҳаракати хавфсизлигини давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантирди. Шу муносабат билан қоидабузарликларни автоматлаштирилган тарзда қайд этиш, назоратни кучайтириш ва соҳадаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш бўйича қатор чоралар кўрилган.
Амалдаги тартибга кўра, автомобиль йўлларида тезликни назорат қилиш стационар ва кўчма радарлар, шунингдек фото ва видео қайд этиш воситалари орқали амалга оширилмоқда. Ушбу тизимлар авариялар сонини камайтириш, ҳайдовчилар интизомини ошириш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бироқ депутатлар сайлов округларида ўтказилган учрашувлар давомида фуқаролардан тушаётган эътирозларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, тезлик кескин ўзгарадиган йўлларда огоҳлантирувчи белгиларнинг етарли эмаслиги, радарлар жойлашувининг ноқулайлиги ва бу ҳолатлар асоссиз жарималарга сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, айрим ҳолларда техник хатолар туфайли жарималар нотўғри ҳисобланаётгани, ҳайдовчиларга асоссиз маъмурий жазо чоралари қўлланаётгани билдирилди. Йўлларнинг айрим участкаларида асфальт сифати пастлиги, чизиқлар кўринмаслиги ёки нотўғри чизилгани ҳам қоидабузарликларга сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Пиёдалар ўтиш жойларида светофорлар етишмаслиги ҳам фуқаролар норозилигига сабаб бўлаётган омиллардан бири сифатида қайд этилди. Мажлисда ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича аввал белгиланган вазифаларни тезлаштириш зарурлиги айтилди.
Натижада Қонунчилик палатаси ички ишлар вазиридан “Хавфсиз ва равон йўл” дастури ижроси, камера ва радарлар самарадорлиги, шунингдек мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари юзасидан асосланган маълумот тақдим этишни сўраб парламент сўрови юборди.





