add

Кипрда россияликларнинг сирли ўлимлари ҳафталиги: Миллиардер қоядан қулади, дипломат кабинетида жон берди

«Уралкалий» собиқ раҳбарининг жасади россиялик дипломат фожиасидан бир неча кун ўтиб топилди.

Кипрда россияликларнинг сирли ўлимлари ҳафталиги: Миллиардер қоядан қулади, дипломат кабинетида жон берди

14 январ куни Жанубий Кипрда «Уралкалий» компаниясининг 56 ёшли собиқ раҳбари Владислав Баумгертнернинг жасади топилди. Бу ҳақда ТRТ нашри хабар берди.

Қайд этилишича, тадбиркор экстремал алпинизмга ишқибоз бўлган ва дастлабки тахминларга кўра, қоядан қулаб ҳалок бўлган. Жасаднинг жиддий шикастлангани боис, шахсни расман тасдиқлаш учун ДНК экспертизаси ўтказилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, Баумгертнерни қидириш ишлари Лимасол яқинидаги Писсури қишлоғи ҳудудида 7 январдан буён тўхтовсиз давом этаётган бўлган. Ўша куни у қирғоқ бўйидаги қояларга чиқиш учун таксида йўлга чиққан ва айнан ўша вақтда унинг телефони охирги марта тармоқда кўринган. Қидирув операциясига полиция ва қутқарувчилардан ташқари, кўнгиллилар ҳамда Британия авиабазаси ҳарбийлари ҳам жалб этилган.

Баумгертнернинг ўлими Жанубий Кипрда юз берган яна бир сирли ўлимдан бир ҳафта ўтиб содир бўлди. 8 январ куни Россиянинг Никосиядаги элчихонаси юқори лавозимли ходими ўз кабинетида ўлик ҳолда топилган эди. Унинг ўлими суиқасд сифатида қайд этилган.

Россиянинг Кипрдаги элчихонаси дипломат А. В. Пановнинг вафотини тасдиқлаган:

«Чуқур қайғу билан маълум қиламизки, 2026 йил 8 январ куни ҳамкасбимиз, элчихона ходими А. В. Панов ҳаётдан кўз юмди. Унинг ўлими яқинлари ва оиласи учун оғир шахсий фожиа бўлди».

«ВЧК-ОГПУ» лойиҳаси манбасини очиқламасдан, Панов гўёки Россия Ташқи разведка хизматининг криптографи бўлганини таъкидламоқда. У ҳалок бўлган куни Жанубий Кипрда сўнгги йиллардаги энг йирик коррупцион жанжал авж олди. Ижтимоий тармоқларда юқори лавозимли мулозимларнинг коррупцион схемалар, жумладан, россияликларга Европа Иттифоқи санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам бериш масалаларини муҳокама қилган учрашуви ёзуви тарқалиб кетди. Жанубий Кипр Грек Маъмурияти (ЖКГМ) президент маъмурияти раҳбари Хараламбос Хараламбус, айнан ЖКГМнинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги бошланган кунларда истеъфога чиқди.

Ушбу ўлимлар занжири 2022 йилдан буён Россиянинг йирик нефть-газ компаниялари, жумладан «Газпром», «Лукойл» ва «Транснефт» топ-менежерлари билан боғлиқ сирли ҳалокатларнинг давоми сифатида кўрилмоқда. Сўнгги йилларда ўнлаб юқори мартабали амалдорлар ва тадбиркорлар кутилмаганда вафот этган. 2025 йилнинг июль ойида собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг ўз жонига қасд қилиши ҳам ушбу шубҳали рўйхатни тўлдирган эди.

Теглар

Мавзуга оид