add

Китоб ўқиган айрим маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилади

Бугун 13:342 дақиқа

Белгиланган адабиётларни ўқиган маҳкумлар жазо муддатини қисқартириш имкониятига эга бўлади. Умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар бундан мустасно.

Китоб ўқиган айрим маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилади

2026 йил 15 январда қабул қилинган ЎРҚ–1114-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу янгиликлар маҳкумларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси ва қайта ижтимоийлашувига қаратилган чораларни кенгайтиришни назарда тутади.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 73-моддаси 4-қисмида кўрсатилган шахслар, умрбод озодликдан маҳрум этилганлардан ташқари, жазони ўташ даврида муддатни қисқартириш имкониятига эга бўлади. Бунда асосий шарт — маҳкумнинг белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиганлиги расман тасдиқланиши лозим.

Янги тартибга кўра, ҳар бир ўқилган китоб учун жазо муддати 3 кунга қисқартирилиши мумкин. Бироқ бир йил давомида қисқартиришнинг энг юқори чегараси 30 кундан ошмаслиги белгиланган. Бу меъёр маҳкумларни мунтазам мутолаага ундаш билан бирга, тизимли назоратни ҳам таъминлайди.

Маҳкумнинг китоб ўқиганлигини тасдиқлаш махсус комиссия томонидан амалга оширилади. Комиссия таркибига жазони ижро этиш муассасаси ходимлари, жамоатчилик вакиллари киради. Текширув маҳкумнинг муассаса маъмуриятига берган аризаси асосида ўтказилади.

Комиссия йиғилишлари йилига камида икки марта ташкил этилади. Имтиҳон ва баҳолаш натижаларига кўра, маҳкумнинг китоб ўқиганлиги ҳақида хулоса қабул қилинади. Ушбу хулосанинг нусхаси прокурорга юборилади ва маҳкумга таништирилади.

Агар хулоса ижобий бўлса, муассаса маъмурияти судга жазо муддатини қисқартириш тўғрисида тақдимнома киритади. Якуний қарор эса суд томонидан қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энг кўп китоб ўқиган ходимга пул мукофоти берилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид