Киев АҚШ базаларини ҳимоя қилиш учун дронлар ва ҳарбийларни юборди
Зеленскийнинг айтишича, АҚШ илтимосига кўра Иорданияга украин дронлари ва дронлар бўйича мутахассислар гуруҳи юборилган. Яқин Шарқ давлатлари ҳам Украинадан ёрдам сўраган.

Украина президенти Володимир Зеленский «The New York Times» (NYT) газетасига берган ва 9-март куни эълон қилинган интервюсида айтишича, Украина Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базаларини ҳимоя қилиш учун ушлаб қолувчи дронлар ва учувчисиз аппаратлар бўйича мутахассислар гуруҳини юборган. Унинг аниқлаштиришича, АҚШ 5-март куни Киевдан бундай ёрдам сўраган ва украин жамоаси эртаси куниёқ йўлга чиққан.
«Биз дарҳол жавоб қайтардик. Мен, албатта, мутахассисларимизни юборамиз, деб жавоб бердим», – дейди Зеленский.
Оқ уй эса NYT’нинг бу маълумотни тасдиқлаш ҳақидаги сўровига жавоб бермаган.
8-март куни Украина президенти «Telegram»да украин мутахассислари ҳали манзилга етиб бормагани, аммо яқин вақтда у ерга бориши кутилaётганини маълум қилди.
«Ҳозирча тафсилотлар ҳақида гапиришга эрта. Келаси ҳафта экспертлар жойига боргач, вазиятни ўрганиб, ёрдам беради, чунки улар дарҳол ёрдам кўрсатиш имкониятлари билан бормоқда. Шундан кейин кейинги қадамлар ҳақида гапириш мумкин бўлади. Илк учрашувлар натижасини кутиш керак», – деган президент.
Зеленский, шунингдек, буни «икки томон учун имконият» деб атаган.
Яқин Шарқ давлатлари ҳам Киевдан ёрдам сўраган
Зеленский «NYT»га берган интервюсида айтишича, Эроннинг дастлабки зарбаларидан кейинги кунларда унга Баҳрайн, БАА, Иордания, Қувайт, Қатар ва Саудия Арабистони раҳбарлари мурожаат қилиб, ёрдам сўраган.
Унинг таъкидлашича, Украина бу давлатларга ёрдам беришни истайди, аммо ёрдам ҳажми Украина эҳтиёжлари билан ҳам мувофиқлаштирилиши керак. Аввало, Киев Эрон дронларига қарши самарали бўлган ушлаб қолувчи дронларини Россия Украинага қарши қўллаётган баллистик ракеталарни тутиш учун зарур бўлган кучлироқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига алмашишга тайёр.
Владимир Зеленский Москва билан дўстона муносабатларга эга бўлган Яқин Шарқ давлатларини Владимир Путинга таъсир ўтказишга ҳам чақирди.
«Мен айтдим: эшитинглар, балки улар россияликлар билан гаплашиб, ҳеч бўлмаганда танаффус қилишар. Шундай бўлса, албатта, биз Яқин Шарққа ўзларини ҳимоя қилишда ёрдам бера оламиз», – деган Зеленский.
«The Times»: февралда Украина зарбали дронларнинг 87 фоизини қайтарган
Британиянинг «The Times» нашри Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларининг кундалик маълумотларини таҳлил қилиб, феврал ойида Россия Украина аҳоли пунктларига қарийб 5000 та зарбали дрон учирганини аниқлади. Улардан тахминан 87 фоизи Украина томонидан уриб туширилган ёки йўқ қилинган.
«Эрондан оммавий равишда келаётган узоқ масофали дронларга қарши курашиш бўйича Украинадан кўра кўпроқ тажрибага эга давлат йўқ», – деб ёзади «The New York Times».
«NYT» яна таъкидлашича, Эроннинг «Shahed» дронини ишлаб чиқариш қиймати тахминан 50 минг доллар атрофида, «Patriot» ҳаво мудофаа тизими учун ушлаб қолувчи ракета эса 3 миллион доллар туради – бу қарийб 60 баравар қиммат.
«Россия босқинидан кўп ўтмай, Украина баъзан қиммат ракета ёрдамида «Shahed» дронларини йўқ қилган. Аммо бу тез орада самарасиз экани маълум бўлди», – деб ёзади Америка нашри.
Ҳозир эса АҚШ президенти Доналд Трамп жорий этган янги қурол етказиб бериш қоидалари туфайли Украинада замонавий ҳаво мудофаа тизимлари учун снарядлар етишмовчилиги юзага келган.
Жумладан, 2025-йил давомида Украина Қуролли кучларига атиги 620 та замонавий «Patriot» ракета етказиб берилган. Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг мудофаа масалалари бўйича комиссари Андрюс Кубилюс маълумотига кўра, Эрон билан урушнинг дастлабки кунларида Яқин Шарқ давлатлари тахминан 2000 та Эрон дрони ва 500 та баллистик ракетани қайтариш учун 800 дан ортиқ «Patriot» ракета сарфлаган.





