
Кобулда UZEX савдо майдончаси ишга тушди, йил якунигача биттаси очилади
Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида «Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси» АЖ нинг хорижий савдо майдончаси фаолиятини бошлади. Йил якунигача UZEX филиали Мозори Шарифда ҳам очилиши кутилмоқда.

Майдонча Афғонистоннинг Ghazanfar Bank таъсисчилигида ва «Имом Абу Ҳанифа» IV миллий ва халқаро кўргазма ва савдо ярмаркаси доирасида ишга туширилди.
Тадбирда UZEX делегацияси иштирок этиб, Ghazanfar Bank масъул ходимларига биржа сертификатларини топширди. Янги майдонча Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорларига биржа механизмлари асосида шаффоф ва кафолатланган савдо битимларида тўғридан тўғри иштирок этиш имконини яратади.
Ghazanfar Bank ўз мамлакатидаги тадбиркорлар учун биржа тизимига кириш нуқтасини таъминлайди, яъни мижозларни аккредитациядан ўтказади, буюртмаларни Тошкентдаги марказий биржа платформасига киритади, ҳужжатлар ва ҳисоб-китоблар бўйича техник ёрдам кўрсатади. Савдолар биржанинг ягона қоидалари ва клиринг механизмлари асосида амалга оширилади.
Келишувнинг муҳим жиҳати шундаки, 2024 йил 1 октябрдан Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида кучга кирган имтиёзли савдо келишувига мувофиқ, 14 турдаги товар гуруҳи бўйича импорт божхона божлари бекор қилинди. Бу Кобулдаги савдо майдончаси орқали ўтадиган кўплаб битимлар учун божхона томонидан амалда «нол божли» тартибни қўллаш имконини беради.
Кобулдаги майдонча UZEXнинг Озарбойжон, Беларус ва Қозоғистондаги хорижий савдо майдончалари билан бир қаторда халқаро тармоғини кенгайтирувчи навбатдаги бўғин ҳисобланади. 2022 йилга келиб биржанинг 20 дан ортиқ хорижий ваколатхона ва савдо нуқталаридан иборат тармоғи шаклланган.
Очиқ статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон савдо айланмаси сўнгги йилларда сезиларли ўсиш кўрсатмоқда. 2023-йилда савдо ҳажми 2022-йилдаги 44 миллион доллардан қарийб олти баравар ошиб, 266 миллион долларга етган. Ўзбекистон Статистик агентлиги маълумотларига кўра, 2024-йилнинг январ-июль ойларида савдо айланмаси 572,8 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6% ўсиш қайд этилган.
Кобулдаги савдо майдончаси маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмасининг ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, йил якунигача Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Товар-хомашё биржаси филиали очилади ва камида 100 турдаги маҳаллий маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Ш.Мирзиёев кеча Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги чиқишида маълум қилган.





