Logo

Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси кучаймоқда: 2 мингдан ортиқ одам вафот этди

Кеча 23:132 дақиқа

Мамлакатнинг олти вилоятида қайд этилган эпидемияда 4,6 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган. БМТ вазият тобора оғирлашаётганидан огоҳлантирди.

Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси кучаймоқда: 2 мингдан ортиқ одам вафот этди

Конго Демократик Республикасида (КДР) Эбола эпидемияси тез суръатларда тарқалмоқда. 12-август ҳолатига кўра, мамлакатнинг олти вилоятида 4 660 дан ортиқ касалланиш ҳолати ва 2 184 та ўлим қайд этилган. Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар берди.

БМТ бош котиби ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Том Флетчернинг айтишича, Эбола тарқалиш суръати халқаро ҳамжамиятнинг унга қарши чораларидан илгарилаб кетмоқда.

«Вирус бизнинг жавоб чораларимиздан ўзиб кетишига йўл қўя олмаймиз», — деди Флетчер.

Унинг сўзларига кўра, БМТ КДРга Эбола билан кураш бўйича катта координатор ва яна 20 нафар ходимни юборган. Халқаро донорлар эса эпидемияга қарши кураш учун қарийб 300 млн доллар маблағ ажратган.

Бундан ташқари, КДР ва унга қўшни тўртта давлат учун аввал ажратилган 24 млн долларга қўшимча равишда 30,5 млн доллар йўналтириш белгиланган.

Даволаш ва назорат чораларини кучайтириш режалаштирилмоқда

БМТ вакили эпидемияга қарши курашни кучайтириш учун бир қатор чоралар зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, марҳумларни хавфсиз ва муносиб дафн этиш билан шуғулланувчи гуруҳлар сонини икки бараварга ошириш, даволаш марказларининг ресурсларини уч бараварга кўпайтириш ва касалланганлар билан алоқада бўлганларни кузатиш тизимини яхшилаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, эпидемияга қарши курашга тажрибали раҳбарларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Ҳудуд аҳолиси учун тоза сув, санитария, тиббий ёрдам ва бошқа асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатилган.

«Аллақачон икки мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ва яна кўпчилик хавф остида қолмоқда. Дунё уйғониши ва лоқайд бўлмаслиги керак», — деди Флетчер.

БМТ маълумотларига кўра, Эбола ҳозиргача КДРнинг олти вилоятида қайд этилган. Эпидемиянинг айнан қайси ҳудудларда энг юқори суръатда тарқалаётгани ҳақида эса хабарда батафсил маълумот берилмаган.

Эбола эпидемияси Конго Демократик Республикасида аввал ҳам халқаро хавотирга сабаб бўлган. 2026 йил май ойида ЖССТ Конго ва Угандада «Бундибугё эболавирус» тарқалиши ортидан вазиятни халқаро аҳамиятга эга фавқулодда соғлиқни сақлаш ҳолати деб эълон қилган эди. Ўша пайтда Конго ДРда Эбола гумони билан боғлиқ 80 та ўлим қайд этилганди.

Теглар

Мавзуга оид