Logo

«Кўп муҳокамалар, баҳслар бўлди». Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги АЭС лойиҳаси ҳақида

Владимир Путин лойиҳа устида Шавкат Мирзиёев жуда кўп ишлаганини қайд этган бўлса, Ўзбекистон президенти ҳамкорлик бу билан чекланиб қолмаслигини таъкидлади.

«Кўп муҳокамалар, баҳслар бўлди». Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги АЭС лойиҳаси ҳақида © Kreml matbuot xizmati

Кеча, 4-июн куни Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига расман старт бериш маросими олдидан Санкт-Петербургда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Владимир Путин Жиззахдаги АЭС ҳақида гап бошлар экан, ушбу лойиҳа устида Шавкат Мирзиёев жуда кўп ишлаганини қайд этди.

«Бугун биз учун яна бир муҳим ва қувончли воқеа рўй бермоқда – келажакдаги йирик ва қудратли объект, атом электр станцияси пойдеворини қўйиш маросими бўлиб ўтмоқда. Бу Ўзбекистонда Россия лойиҳаси асосида қуриладиган илк атом электр станциясидир.
Биламан, сиз бу лойиҳа устида шахсан жуда кўп ишлагансиз. Ҳа, анча узоқ вақт! Барча жиҳатларини чуқур ўрганиб чиққансиз. Ва ишонаманки, таклиф этилган барча вариантлар орасидан Ўзбекистон учун энг мақбул ва мақсадга мувофиқ ечимни танлагансиз», – деди Путин.

Шавкат Мирзиёев эса Жиззахдаги лойиҳа «Росатом» тарихида илк бор гибрид атом электр станцияси (иккита кичик қувватли ва иккита йирик қувватли реактордан иборат станция) бўлишини қўшимча қилди.

«Сиз айтганингиздек, биз бу қарорга узоқ вақт давомида келдик. Кўп муҳокамалар, баҳслар бўлди, аммо охир-оқибат биз учун энг тўғри қарорга келдик. Чунки иқтисодиётимиз ўсиб бормоқда ва уни барқарор энергия таъминоти билан таъминлаш зарур.
Мен сизга бу ҳақда бир неча бор айтганман: уран ишлаб чиқариш бўйича биз дунёда бешинчи, захиралар бўйича эса ўнинчи ўриндамиз. Демак, бу соҳанинг келажаги биз учун жуда муҳим», – деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, янги гибрид станциянинг 60 йиллик фаолияти учун 19,5 минг тонна уран талаб этилади. Шу боис Ўзбекистон томони «Росатом» билан мазкур масалани жуда жиддий муҳокама қилмоқда. Ўзбекистон етакчиси бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ўзаро манфаатли натижа беришига ишонч билдирди.

«Бу Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги энергетика соҳасидаги стратегик лойиҳадир. Биз эса бу йўналишда фақат шу лойиҳалар билан чекланиб қолиш ниятида эмасмиз», – деди президент.

Товар айрибошлаш: Белгиланган марра – 20 миллиард
 
Давлат раҳбарлари икки мамлакат иқтисодиёти муваффақиятли ривожланайтганини, ўзаро товар айрибошлаш ҳажми ўсиб бораётганини ҳам қайд этди.

«Сизнинг раҳбарлигингиз остида Ўзбекистон иқтисодиётида юз бераётган ижобий ўзгаришлардан мамнунмиз.
Товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда – ўтган йили у 12 фоиздан ортиққа ошди. Бу жуда яхши кўрсаткич.
Биз сиз билан доимий алоқадамиз ва муҳокама қиладиган мавзулар ҳамиша топилади, чунки ўзаро муносабатларимиз кўлами мунтазам кенгайиб бормоқда. Бу, жумладан, ўзаро инвестициялар ҳажмига ҳам тааллуқли.
Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган инвестициялари ҳам яхши суръатларда ўсмоқда ва барқарор динамикани намоён этяпти. Энг муҳими, бу жараёнлар ҳар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилмоқда», – деди Путин.

Шавкат Мирзиёев эса ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бош вазирлар даражасида ўтказилгани, Ҳудудлар форуми бўлиб ўтгани, анъанавий «ИННОПРОМ» кўргазмасининг олтинчи йиғини ҳам муваффақиятли ташкил этилганини таъкидлади.

«Дарҳақиқат, сиз ҳозир қайд этганингиздек, товар айирбошлаш ҳажми биз биргаликда белгилаган мақсадга тобора яқинлашмоқда. Белгиланган марра – 20 миллиард. 2025-йил якунларига кўра бу кўрсаткич 13 миллиардни ташкил этди. Менимча, 2026-йил якунларида бу рақам яна ортади, чунки йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Шунинг учун бугунги учрашувимиз ҳам ҳамкорликка янги туртки беради, деб ўйлайман. Бизнинг жамоамизнинг режалари жуда катта», – деди Ўзбекистон етакчиси.

Теглар

Мавзуга оид