
«Korzinka» номи билан тарқатилаётган ютуқли ўйин фирибгарлик экани маълум қилинди
Ижтимоий тармоқларда «Korzinka» супермаркетлари номи билан қимматбаҳо совғалар, жумладан «Volkswagen Tiguan R-Line» автомашинаси ютуқ сифатида қўйилган ёлғон акциялар тарқалмоқда.

Рақобат қўмитаси бу ҳолатни фирибгарлик деб ҳисоблаб, фуқароларни огоҳлантирди.
«Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «Korzinka» супермаркетлар тармоғи («Anglesey Food» МЧЖ ХК) номи билан янги дўкон очилиши муносабати билан ютуқли ўйин ўтказилаётгани ҳақидаги ёлғон реклама эълонлари кенг тарқалди. Рекламада гўёки иштирокчилар изоҳ қолдириш орқали «Volkswagen Tiguan R-Line» автомашинасини ютиб олиши мумкинлиги айтилган», дейилади хабарда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилишича, «Korzinka»нинг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида бундай акция ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Демак, бу хабарлар фирибгарлар томонидан фуқароларни алдов йўли билан шахсий маълумотларини билиб олишга қаратилган.
Фирибгарлар одатда «ютуқни расмийлаштириш» баҳонасида банк картаси рақамини, SMS орқали жўнатилган тасдиқлаш кодини ёки шахсий ҳисоб маълумотларини сўрайди. Шу орқали улар ҳисобдаги маблағларни ечиб олади.
Рақобат қўмитаси фуқароларни огоҳлантириб, номаълум ҳаволаларга кирмаслик, шахсий ёки банк маълумотларини бегона веб-сайтларга киритмаслик ва шубҳали акциялар ҳақидаги маълумотни фақат расмий манбалар орқали текширишни тавсия қилди.
Интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарлик усуллари кўпайиб бораётгани боис, мутахассислар фуқароларни ҳар қандай «ютуқ» ёки «супер акция» ҳақидаги хабарларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга чақирмоқда.





