Креатив иқтисодиёт нима ва унга қандай имтиёзлар берилган?
Ўзбекистонда креатив иқтисодиёт субъектлари учун солиқ имтиёзлари жорий этилди. Энди улар ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини амалдаги 12 фоизлик ставканинг ярмини тўлайди. Шунингдек, улар учун айланмадан олинадиган солиқни қўллаш бўйича ҳам қўшимча тартиб белгиланди.

Креатив иқтисодиёт – бу ижодкорлик, интеллектуал қобилият ва инновацион ғояларни иқтисодий фойда келтирувчи товар ва хизматларга айлантиришга асосланган иқтисодиёт тармоғидир. Унинг асосий йўналиши креатив индустрия деб аталиб, унга дизайн, ИТ-контент, кино, мусиқа, мода, реклама, архитектура ва санъат каби соҳалар киради.
Ўзбекистонда креатив иқтисодиёт учун қандай солиқ имтиёзлари мавжуд?
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшла билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаалрни амалга ошришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» ги Фармонига кўра, креатив парк резидентлари ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС)ни амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди. Амалдаги 12 фоизлик ставкадан келиб чиқилса, бу солиқлар 6 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Солиқ қўматаси маълум қилди.
Бундан ташқари, креатив парк резидентлари товарлар, ишлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган даромад ҳажмидан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси сифатида фаолият юритиши мумкин. Шу билан бирга, улар исталган вақтда умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш ҳуқуқини ҳам сақлаб қолади. Яъни товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошган резидентлар ушбу имтиёзга эга бўлади.
Мазкур солиқ енгилликлари фақат креатив парк резиденти мақомини олган юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади. Бунинг учун уларнинг жами даромадининг камида 80 фоизи креатив иқтисодиёт йўналишидаги фаолиятдан шаклланган бўлиши керак. Ушбу имтиёзлар 2025 йил 1 майдан 2031 йил 1 январгача амал қилади.
Кимлар имтиёздан фойдаланиши мумкин?
Креатив парк резиденти мақомини адабий ижод, амалий санъат ва ҳунармандчилик, архитектура ва урбанистика, аудиовизуал санъат, ижрочилик санъати ҳамда бошқа креатив йўналишларда фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахслар олиши мумкин.
Ушбу имтиёзлар креатив иқтисодиёт субъектларининг солиқ юкини камайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.





