Logo

Кредит маблағларини ўзлаштирган банкирлар қўлга олинди

Бугун 12:452 дақиқа

Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон ва Бухоро вилоятларида банк ходимлари билан боғлиқ ноқонуний кредит схемалари фош этилди.

Кредит маблағларини ўзлаштирган банкирлар қўлга олинди © iStock

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон ва Бухоро вилоятларида банк ходимлари иштирокида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлади.

Маълум қилинишича, имтиёзли ва ипотека кредитлари айрим фуқаролар номига ноқонуний расмийлаштирилиб, жами 1 млрд 593 млн сўм маблағ ўзлаштирилган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Имтиёзли кредит схемалари

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида тижорат банкининг уч нафар банк хизматлари маркази ходими ўзаро келишган ҳолда беш нафар фуқаро номига имтиёзли кредит расмийлаштиргани аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, улар ушбу схема орқали 146 млн сўм кредит маблағини ўзлаштирган. Аввалроқ ҳам Берунийда банк ходимлари, етти нафар ҳоким ёрдамчиси ва бошқа шахслар 37 нафар фуқаро номига 1,4 млрд сўмлик кредит расмийлаштириб, маблағларни талон-торож қилгани фош этилган эди.

Фарғона вилояти Риштон туманида эса банк масъуллари ва бошқа шахслар «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида 21 нафар фуқаро номига 747 млн сўм имтиёзли кредит ажратган. Маблағлар фуқаролар хабардорлигисиз таъминотчи корхоналар ҳисоб рақамларига ўтказилиб, ўзлаштирилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Қўштепа туманида банкнинг собиқ бўлим бошлиғи уй-жой хариди учун ипотека кредити ажратиш баҳонасида қалбаки шартнома орқали 90 млн сўм маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.

Андижон вилояти Хўжаобод туманида тижорат банкининг собиқ банк хизматлари маркази раҳбар ўринбосари ва бошқа шахслар фуқаро номига тадбиркорлик субъекти ташкил қилиб, сохта ҳужжатлар асосида 500 млн сўм кредит расмийлаштирган.

Департаментга кўра, ушбу маблағ ҳам ўзлаштирилган. Гумонланувчилардан бири аввал ҳам талон-торожлик билан боғлиқ жиноят учун судлангани қайд этилди.

Бухоро вилояти Жондор туманида эса тижорат банкининг собиқ раҳбари ва собиқ мутахассиси фуқароларни хабардор қилмасдан улар номига 110 млн сўм кредит расмийлаштириб, маблағни қўлга киритгани аниқланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон талон-торож ва фирибгарлик жиноятлари учун жазо чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда Президент 22-июн куни имзолаган қонун билан белгилаб қўйилди. Энди ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, шунингдек фирибгарлик учун ҳукм қилинган шахслар етказилган зарарни тўлиқ қопламаган бўлса, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинмайди.

Теглар

Мавзуга оид