Кредит рекламаларида оқибатлар ҳақида огоҳлантириш мажбурий бўлади

Бугун 13:101 дақиқа

Янги қонун лойиҳасига кўра, кредит рекламаларида молиявий хатарлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш жорий этилади. Огоҳлантириш реклама матнининг ёки вақтининг камида 10 фоизини ташкил қилиши керак.

Кредит рекламаларида оқибатлар ҳақида огоҳлантириш мажбурий бўлади

Ўзбекистонда кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий хатарлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш жорий этилиши кутилмоқда. Қонунчилик палатаси томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Янги талабларга кўра, кредит ёки микроқарз рекламаларида қарз мажбуриятларини бажармаслик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарлар ҳақида махсус матн жойлаштирилиши шарт. Ушбу огоҳлантирувчи ахборот реклама майдони ёки эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим бўлади.

Мазкур ўзгартишлар молиявий хизматлар рекламасини тартибга солишни кучайтиришга қаратилган.

Шу билан бирга, аҳолининг кредит олишдаги эҳтимолий хатарлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш ва масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантириш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар айрим нормалар юзасидан қўшимча саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, огоҳлантирувчи ахборотнинг мазмуни ва уни жойлаштириш тартиби юзасидан аниқлик киритиш таклифлари илгари сурилди.

Кутилишича, мазкур қонун нормалари қабул қилинса, молиявий хизматлар бозорида реклама шаффофлиги ошади ва фуқароларнинг қарз юки билан боғлиқ қарорлари янада онглироқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун лойиҳасини 2025 йил октябрь ойида Рақобат қўмитаси Марказий банк билан ҳамкорликда «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига ўзгартиш киритишни таклиф қилганди.

Теглар

Мавзуга оид