Кремл Россияда яшовчи 100 минг арманни Пашинянга қарши овоз бериш учун юбормоқчи — Reuters
Россия Арманистоннинг Ғарб билан яқинлашувини тўхтатиш учун яширин режаларни ишга солмоқда. Москванинг мақсади ҳақида расмий изоҳлар ҳозирча йўқ.

Россия ҳукумати Россияда яшаётган Арманистон фуқароларини мамлакатда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида иштирок этиш учун ватанларига жўнатиш имкониятини муҳокама қилган. Бу ҳақда тўртта манбага таяниб «Reuters» агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, муҳокамалар Никол Пашинян бошчилигидаги ҳукумат рақибларини қўллаб-қувватлаш эҳтимоли билан боғлиқ.
Манбаларнинг таъкидлашича, Россия томони 100 минг нафаргача сайловчини ватанига юбориш эҳтимолини кўриб чиққан.
«Reuters» суҳбатдошларининг айтишича, Россия ҳукумати бундай ташаббусни амалга ошириш харажатларини тахминан 50 миллион долларга баҳолаган. Шунингдек, май ойида Россия ҳудудлари бўйича муайян квоталар тақсимлангани ҳам айтилмоқда.
Режа тасдиқланмади
Бироқ агентлик мазкур режа амалда бажарилаётганини мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Шунингдек, эҳтимолий ташаббус сайлов натижаларига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам ноаниқлигича қолмоқда.
Пашинян ҳозирча олдинда
Май ойида ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, бош вазир Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси 30 фоизга яқин қўллаб-қувватлаш билан етакчилик қилмоқда.
Унинг асосий рақибларидан бири ҳисобланган Самвел Карапетяннинг «Кучли Арманистон» партияси эса тахминан 6 фоиз натижа қайд этган.




