«Кулранг кардинал»нинг қулаши: Қирғизистон давлатдаги иккинчи одамидан қандай айрилди?

14.02.2026 | 12:307 дақиқа

Ташиевнинг истеъфоси — собиқ иттифоқ ҳудудида сўнгги тўрт ой ичида содир бўлган учинчи йирик сиёсий ўзгаришдир. Аммо Қирғизистонда анъанавий равишда хавф ҳамиша юқори бўлиб келган — бу ерда сиёсий инқирозлар жиддийроқ ҳодисаларга айланиб кетиш хусусиятига эга.

«Кулранг кардинал»нинг қулаши: Қирғизистон давлатдаги иккинчи одамидан қандай айрилди?

Қамчибек Ташиев юрак операциясидан кейинги мунтазам кўрикдан ўтиш учун Бишкекдан Мюнхенга учиб кетган эди. Ватанга қайтишда у энди мутлақо бошқа одамга айланди — лавозимсиз, ваколатларсиз ва ўзига содиқ ўринбосарлар армиясисиз. Германия клиникасида ўтказилган бир неча кун якунда мамлакатда улкан ўзгаришларга сабаб бўлди.

Шунга қарамай, 13 февралга ўтар кечаси «Манас» аэропортида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раҳбарини кутиб олган бешта автомобилдан иборат кортеж бир нарсага ишора қилгандек эди: генерални ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта.

1

Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров

Энди мавжуд бўлмаган тандем

Беш йил давомида Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев Қирғизистонни яхлит бир бутунлик сифатида бошқариб келишди. Расмон биринчиси президент, иккинчиси эса махсус хизмат раҳбари эди. Амалда эса вазифалар тақсимоти бошқачароқ кўринишга эга эди: Жапаров вазмин давлат арбоби ролини ўйнаган бўлса, Ташиев кескин ва қатъий куч ишлатар тизим вакили сифатида намоён бўлди — у ўз фикрларини билдиришда гапни айлантириб ўтирмас ва ўзини вазирлик доираси билан чеклаб қўймас эди.

Уларнинг иттифоқи 2010 йилларнинг бошига бориб тақалади — ўшанда иккаласи ҳам ҳокимиятни эгаллашга уриниш бўйича жиноий ишда айбланган. Умумий тақдир уларнинг сиёсий шериклигини ҳар қандай шартномадан кўра мустаҳкамроқ боғлаган эди. 2020 йилда Жапаров ҳокимият тепасига келгач, Ташиев энг муҳим куч ишлатар лавозимни эгаллади ва МХДҚни «давлат ичидаги давлат»га айлантирди.

Уюшган жиноятчиликнинг йўқ қилиниши айнан унинг номи билан боғланади. Ташиев республикада энди «қонундаги ўғрилар» ва жиноий гуруҳ етакчилари бўлмаслигига ваъда берган эди. Унинг даврида криминал авторитет Қамчи Қўлбоев отиб ўлдирилди. Ташиев Тожикистон ва Ўзбекистон билан йиллар давомида ҳал этилмаётган чегарадаги баҳсларни тартибга солишда муҳим рол ўйнади — бу низолар узоқ вақт давомида ечимини топмаётган эди. Чегара хизмати МХДҚ назоратига ўтди. Давлатнинг биринчи раҳбарларини қўриқлайдиган Тўққизинчи хизмат ҳам айнан унга бўйсунар эди.

Кўплаб қирғизистонликлар учун генерал аллақачон «биринчи рақамли одам»га айланиб улгурганди. Фақатгина бир савол очиқ қолаётган эди: икки кучли раҳбарнинг бир вақтдаги ҳукмронлиги қачон очиқдан-очиқ ҳокимият талашишга айланиб кетади?

«75 кишининг мактуби»

Воқеалар ривожи шиддатли тус олди. Истеъфодан икки кун аввал жамоатчилик майдонида 75 нафар жамоат арбоби — собиқ бош вазирлар, собиқ губернаторлар, истеъфодаги генераллар ва маданият соҳаси вакиллари томонидан имзоланган очиқ хат пайдо бўлди. Унда президентлик сайловларини муддатидан олдин ўтказиш чақириғи илгари сурилган эди.

Бунга Конституциядаги ҳуқуқий ноаниқлик расмий асос сифатида кўрсатилди. Жапаров 2021 йилда амалдаги эски Конституцияга биноан олти йиллик муддатга сайланган эди. Бироқ ўша йилнинг ўзида қабул қилинган янги Бош қомус президентлик ваколатини беш йил қилиб белгилади. Амалдаги давлат раҳбарининг мандати айнан қачон тугаши борасидаги масалани ҳуқуқшунослар турлича талқин қилаётган эди.

Лекин мактубнинг сиёсий моҳияти шундоқ ҳам тушунарли эди. Ҳужжат Ташиев эришган ютуқлар — «тартиб ва барқарорлик»нинг тикланиши, жиноятчиликка қарши кураш ва чегарадаги муаммоларнинг ҳал этилишига бағишланган мадҳияномадек кўринарди. Моҳиятан, муаллифлар амалда аллақачон қарор топган қўшҳокимиятчиликни қонуний равишда тасдиқлашни таклиф этишаётган эди.

Президент администрацияси бунга зудлик билан муносабат билдирди. Расмий баёнотда «генерал номидан» иш юритаётган бир гуруҳ шахслар ҳақида сўз борди. Жапаровнинг таъкидлашича, депутатлар ва амалдорларга «ё генерал тарафга ўтасан, ё у билан ҳисоблашасан» қабилида очиқдан-очиқ босим ўтказилган. Ташиевнинг айтишича, у истеъфоси ҳақидаги хабарни Мюнхенда, телефон орқали эшитган.

2

Ташиев ва Жапарова иттифоқи 2010 йилларнинг бошларида, иккаласи ҳам ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш бўйича жиноий ишда айбланувчи бўлганида илдиз отган.

Тозалаш

Президент фармонидан сўнг бошланган жараён худди жарроҳлик амалиётини эслатарди. Бир неча соат ичида Ташиевнинг уч нафар ўринбосари ишдан олинди. Чегара хизмати МХДҚ таркибидан чиқарилди. Тўққизинчи хизмат негизида янги Давлат қўриқлаш хизмати ташкил этилди ва у энди бевосита президентга бўйсундирилди.

Кейинги зарба обрўсини йўқотган генерал билан яқин алоқада деб билинган сиёсий арбобга йўналтирилди. Парламент спикери Нурланбек Тургунбек уулу истеъфога чиққанини эълон қилди. Қизиғи шундаки, Ташиевнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарни уни Анқарада кутиб олди. Ватанга қайтгач, у ўз лавозимини тарк этди. «Ҳар хил баҳс ва гумонларга ўрин қолмаслиги учун», — дея изоҳлади Тургунбек уулу. Унинг ўрнига Марлен Маматалиев сайланди.

Мактубга имзо чекканларнинг бир нечтаси оммавий тартибсизликлар тайёрлашда гумонланиб қўлга олинди. Бу ерда бир қизиқ жиҳат бор: МХДҚ йиллар давомида ўзининг сиёсий рақибларига нисбатан айнан шундай айбловларни илгари суриб келган. Масалан, ноябрда — парламент сайловлари арафасида — мухолифатдаги Социал-демократик партия аъзолари ҳам айнан шу моддалар билан ҳибсга олинган эди. Ўшанда иштирокчилардан бирининг «ҳокимият алмашиши» ҳақида бўлган уй ичидаги суҳбати ёзиб олингани асосий далил бўлиб хизмат қилганди. Энди эса МХДҚ раҳбари томонидан шакллантирилган бу механизм унинг ўзи билан алоқадор бўлган шахсларга қарши ишлади.

«Кулранг кардиналлар»нинг кузи

«Кулранг кардинал» — Ташиевнинг қулаши шунчаки алоҳида воқеа эмас. Охирги тўрт ой ичида собиқ иттифоқ ҳудудида расмий ваколатлардан ташқарида улкан таъсирга эга бўлган бир неча «кулранг кардиналлар» ўз мавқеларини йўқотди.

2025 йилнинг кузида Озарбойжонда чорак аср давомида мамлакатдаги иккинчи энг нуфузли шахс ҳисобланган Рамиз Меҳтиевга нисбатан жиноий иш очилди. Украинада эса Зеленскийнинг ҳокимиятдаги асосий шериги ҳисобланган президент офиси раҳбари Андрей Ермак босим остида қолди. Энди эса — Ташиев.

Учта давлат, уч хил сиёсий тизим ва вазият. Бироқ умумий жиҳат яққол кўриниб турибди: президентлар ўз қўлида ҳаддан ташқари кўп ҳокимиятни тўплаб олган шахслардан воз кечишмоқда.

Шимол ва Жануб

Қирғизистонда эса бу масалада қўшимча бир ўзгарувчи — географик омил бор. Мамлакат тарихан икки қутбга бўлинган. Шимол — кўпроқ дунёвий, шаҳарлашган ва рус тилида сўзлашувчи ҳудуд. Жануб — кўпроқ диндор, анъанавийлик ва миллий руҳ устун бўлган ўлка. Қирғизистон 2005 йилдан бери бошдан кечирган учта инқилоб айнан шу ҳудудий фарқлар асосида юз берган.

Жапаров — шимолдаги Иссиқкўл вилоятидан, Ташиев эса «жануб фарзанди». Уларнинг тандеми минтақавий бўлинишни бартараф этиш ва ҳокимият тепасидаги сиёсий иттифоқ орқали мамлакатнинг икки қисмини бирлаштиришга уриниш эди. Энди бу кўприк бузилди.

Собиқ бош вазир Феликс Куловнинг фикрича, жанубда бўлиниш бўлмайди, чунки бу биринчи навбатда Ташиевнинг ўзига фойда келтирмайди. «У [Ташиев] президентнинг қарорини қабул қилишини айтиб ва барқарорликка чақириб, тўғри йўл тутди», — деди Кулов. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда вазият «мутлақо тинч».

Президент Жапаров эса Ташиев билан дўстлик сақланиб қолишини, қарор халқ бирлиги йўлида қабул қилинганини ва генерал ҳатто қўриқчилар билан таъминланишини таъкидлади. Бироқ сиёсатшунос Темур Умаровнинг фикрича, Жапаров ўзининг собиқ сафдошига «ҳурмат билан чекиниш учун имконият» қолдирган. Савол шундаки, бошқа ролларга ўрганган инсон бу имкониятдан фойдаланадими ёки йўқ.

Россиядаги қувонч

Ташиевнинг истеъфоси Россия ОАВларида яшириб бўлмас қувончга сабаб бўлди. Улар генерални «Қирғизистоннинг асосий русофоби» деб аташарди. Ташиев даврида Бишкекдаги «Россия уйи» ёпилди. Қирғиз офицерларига Россияда малака ошириш тақиқланди. МХДҚ раҳбари мажлисларда рус тилини ишлатгани учун Хитой компаниялари вакилларини очиқчасига танқид қилар эди: «Йигирма йилдан бери ишлаяпсизлар, ҳали ҳам қирғизчани ўрганмадингизларми?», — деган у хитойликларга.

«Ташиевнинг кетиши билан мамлакат барқарорлик йўлига ўтади ва Россия билан яқинлашади», — деб ёзди ВГТРК ҳарбий мухбири Андрей Руденко. «Царьград» телеканали эса «Мана буни бурилиш деса бўлади: Қирғизистонда русофоб Ташиев лавозимидан олинди», деган сарлавҳа билан чиқди. Телеграм-каналларда эса «ташқи сиёсий курснинг ўзгариши» ҳақида гапира бошлашди. «Қирғизистонда бурилиш. Русофобнинг кетиши», — дея муносабат билдирди ҳарбий мухбир Александр Сладков.

Бу кутувлар қанчалик асосли экани баҳсли масала. Ташиев ички хавфсизликни белгиларди, ташқи сиёсатни эмас. Жапаров эса ўзини ҳеч қачон Россияга қарши раҳбар сифатида кўрсатмаган. Шундай бўлса-да, бу истеъфонинг рамзий аҳамияти беқиёс: «миллий йўналиш»нинг юзига айланган инсон энди ҳокимиятда эмас.


3

Қамчибек Ташиев Қирғизистонга келди


Кейинги қадамлар

Қирғизистон тарихи ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилишига деярли гувоҳ бўлмаган — ўтиш даврида президент вазифасини вақтинча бажарган Роза Отунбаева ягона мустасно, холос.

·         Акаев ағдарилган.

·         Бакиев ағдарилган.

·         Атамбаев судланган.

·         Жээнбеков лавозимидан четлатилган.

Жапаров бу борада истисно бўла оладими? Даволанишни охирига етказмай ватанга қайтган генерал ушбу сценарийда қандай рол ўйнайди? Навбатдаги президентлик сайловлари 2027 йилнинг январига белгиланган. Бироқ Қирғизистонда сиёсий тақвимлар кутилмаганда ўзгариб туриш хусусиятига эга.

Ҳозирча ҳар икки томон ҳам вазиятни босиқлик билан қарши олмоқда. Жапаров дўстлик ҳақида гапиряпти, Ташиев эса ҳеч қандай оммавий баёнотларсиз қайтди. Аэропортдаги бешта машинадан иборат кортеж — бу ҳали куч намойиши эмас, лекин таслим бўлиш ҳам эмас. Бу шундай сиёсий ўйинки, унда ҳар икки иштирокчи ҳам ҳали ҳал қилувчи юришни амалга оширгани йўқ. Бу мамлакатда эса хавф даражаси, ҳар доимгидек, бир қарашда кўринганидан анча баланд.

Теглар

Мавзуга оид