
Кумушнинг қиймати олтиндан ҳам тезроқ ўсмоқда
Жаҳон бозорида кумуш нархи тарихда илк бор 60 доллардан ошиб, йиллик ўсиш 109 фоизга етди. АҚШ Марказий банкининг кутилётган ставка пасайиши ва глобал таъминот танқислиги металл қийматини кескин оширмоқда.

Forbes нашрининг маълум қилишича, спот кумуш (ҳозирги бозор бўйича реал, дарҳол етказиладиган кумуш нархи) сўнгги бир кун ичида тахминан 4 фоизга ошиб, Ню-Йорк товар биржасида бир трой унцияси 60,8 доллар атрофида бўлди. Кумуш фючерслари (олдиндан келишилган нарх) ҳам 4 фоиздан кўпроқ ўсиб, қарийб 61 долларга етди, кун давомида эса 61,06 долларлик ички рекордни қайд этди.
Кумуш қийматининг кескин кўтарилишида Америка Қўшма Штатлари Марказий банки ертага қайта ставка пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар муҳим рол ўйнамоқда. CME FedWatch маълумотларига кўра, бозор иштирокчилари Марказий банкнинг 0,25 фоизлик пасайтиш эҳтимолини 87 фоиз деб баҳоламоқда. Одатда паст ставкалар ва заиф доллар қимматбаҳо металлларга талабни кучайтиради.
Шу билан бирга, йил бошидан бери АҚШ доллар индекси 8,5 фоизга, охирги бир ойда эса 0,5 фоизга камайгани ҳам металл бозорларида оптимизмни кучайтирди. Ноябр ойида кумуш АҚШ Геология хизмати томонидан стратегик минераллар рўйхатига киритилди. Бу қарори ортидан инвесторлар кумуш таъминотидаги хавфлар ва эҳтимолий божлар бўйича жиддий сигнал сифатида қарамоқда.
Йиллик ўсиш суръатлари кумушни олтиндан ҳам устун ўринга олиб чиқди. Спот кумуш нархи қарийб 109 фоиз ошган бўлса, олтин 60 фоизга ўсган. Платина ҳам электр транспортига эҳтиёж ортиши фонида 86 фоизга кўтарилган.
Goldman Sachs аналитиги Лина Томпсоннинг таъкидлашича, 2025 йил давомида иқтисодий ва сиёсий ноаниқликлар юқори бўлган даврларда қимматбаҳо металларга талаб кучайган. Олтин баҳоси март ва октябрда мос равишда 3 000 ва 4 000 долларлик босқичларни ортда қолдирди. Кумуш эса 1980 йил январдаги 49,95 долларлик тарихий рекордни янгилади.





