
«Купянск қўлдан кетди» — Россиянинг ҳарбий Z-блогерлари жазавада
Россияга яқин Z-каналларга кўра, Украина Қуролли кучлари Купянск устидан назоратни деярли тўлиқ тиклаган, Россия армияси эса шаҳардан сиқиб чиқарилмоқда.

Харкив областининг муҳим темирйўл тугуни ҳисобланган Купянскда Россия армияси позициялари кескин заифлашган. Бу ҳақда Россияга яқин Z-блогерлар ва ҳарбий телеграм-каналлар хабар бермоқда. Уларнинг таъкидлашича, Украина Қуролли кучлари (УҚК) шаҳар устидан амалда назоратни қайтариб олган.
«Рибар» Телеграм каналининг маълум қилишича, Россия қўшинлари Оскил дарёсининг ғарбий соҳилидаги катта плацдармдан айрилган. Хусусан, Кондрашивка, Радкивка ва Москивка қишлоқлари йўқотилган. Каналга кўра, Купянскнинг ўзида ҳам, шарқий соҳилда ҳам вазият «жиддийдан ҳам ёмонроқ».
Маълум қилинишича, УҚК сут ва консерв комбинати атрофидаги ҳудудлар устидан назоратни тиклаган, Кучеривка ва Петропавливкани ушлаб турибди. Россия армияси мудофааси эса парчаланган ҳолатда қолмоқда ва фақат дрон операторларининг доимий иши ҳисобидан бутунлай емирилиб кетмаяпти.
«Рибар» Россия армияси Купянск атрофида оғир йўқотишларга учраётганини ҳам қайд этади. Канал маълумотига кўра, декабр ойининг ўзида айрим бўлинмалар қарийб 150 нафар ҳарбийдан айрилган. Муаммонинг асосий сабаби сифатида юқорига берилган нотўғри ҳисоботлар тилга олинади.
Шунингдек, «Два майора» канали ҳам Купянск йўналишидаги муаммоларни тасдиқлади. Унинг ёзишича, Песчане, Куриливка ва Петропавливка амалда Россия назоратида эмас. Захира кучлар бошқа фронтларга олиб кетилгани сабаб, эгалланган нуқталарда ҳам мустаҳкамланишга эришилмаган.
«Военний Осведомител» эса Россия армияси Купянскнинг деярли барча ҳудудларини қўлдан бой берганини ёзади. Каналга кўра, шаҳар назорати ҳақидаги саҳналаштирилган видеолар реал ҳолатни ўзгартира олмаган.
Америкадаги Institute for the Study of War (ISW) маълумотларига кўра, Украина қўшинлари Купянск агломерациясининг катта қисмини назорат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов 20 ноябр куни Владимир Путинга Купянск тўлиқ эгаллангани ҳақида ҳисобот берган эди. 2 декабр куни Путин ҳам шаҳар бир ҳафтадан бери Россия назоратида эканини айтган.
Бироқ 12 декабр куни Украинанинг «DeepState» OSINT лойиҳаси УҚК Россия бўлинмаларини Купянскда қуршаб олгани ва шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисми тозаланганини маълум қилди. Шу куни Украина президенти Володимир Зеленский Купянскка келиб, шаҳар кириш қисмидан видео эълон қилган.
Шунга қарамай, 17 декабр куни Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов яна Купянск эгаллангани ҳақида Путинга ахборот берган. 19 декабр куни бўлиб ўтган «тўғридан тўғри мулоқот»да Путин ҳам бу даъвони такрорлаб, Зеленскийнинг шаҳар остонасига ташрифини саҳналаштириш, деб атаган.





