Кувайт адашиб АҚШнинг учта F-15 самолётини уриб туширди — «The Wall Street Journal»

Яқин Шарқдаги ҳарбий операциялар вақтида Кувайт қирувчиси иттифоқчи деб ҳисобланган АҚШ самолётларини душман деб ўйлаб, ракета учирган.

Кувайт адашиб АҚШнинг учта F-15 самолётини уриб туширди — «The Wall Street Journal»

Яқин Шарқдаги ҳарбий операция пайтида Кувайт ҳаво кучлари адашиб АҚШнинг учта F-15E Strike Eagle қирувчи самолётини уриб туширди. Бу ҳақда ҳодиса бўйича дастлабки ҳисоботлар билан таниш манбаларга таяниб, «The Wall Street Journal» хабар берди.

Маълум қилинишича, Кувайтнинг F/A-18 қирувчи самолёти учувчиси радарда кўринган самолётларни душман деб ҳисоблаган ва уларга қарши учта ракета учирган. Натижада АҚШга тегишли учта F-15E Strike Eagle самолёти йиқилган.

Ҳужумга учраган самолётлар экипажидаги барча олти нафар ҳарбий учувчи катапулта орқали ҳаводан чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Улар тезда эвакуация қилинган ва ҳозирда аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

Ҳодисадан бироз олдин бир нечта Эрон дронлари Кувайтнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтган. Дронлардан бири фуқаролик порти ҳудудида жойлашган вақтинчалик тезкор марказга зарба берган. Бу ҳужум оқибатида олти нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.

Манбаларга кўра, шу пайтда Кувайт қўшинлари энг юқори жанговар шайлик ҳолатига ўтказилган. Радарлар яқинлашиб келаётган самолётларни аниқлаганидан сўнг уларга қарши ўт очилган.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги муносабати

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ҳам ушбу ҳодисани тасдиқлаб, учта F-15E Strike Eagle самолёти «дўстона ўт очиш» оқибатида уриб туширилганини маълум қилди. Баёнотда бу воқеа Эрон томонидан амалга оширилган авиация, баллистик ракета ва дрон ҳужумлари давом этаётган фаол жанговар ҳаракатлар вақтида содир бўлгани таъкидланган.

Шу билан бирга, АҚШ Кувайт мудофаа кучларига операцияни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. Икки давлат ҳодисани батафсил тергов қилиш бўйича ҳамкорлик қилаётгани айтилмоқда.

Қирувчи самолёт нархи

F-15E Strike Eagle қирувчи самолёти 1980-йилларда ишлаб чиқилган бўлиб, ҳаво-ҳаво ва ҳаво-ер жанговар вазифаларини бажариш учун мўлжалланган. Ушбу моделнинг 1998-йилдаги баҳоси 31,1 миллион доллар деб баҳоланган. Экспертлар фикрича, инфляция ва модернизация сабаб ҳозирги версияларининг нархи 100 миллион долларга яқин бўлиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид