add

Лазизбек Муллажонов уч йилга дисквалификация қилинди

Бугун 19:466431

Олимпиада чемпиони Лазизбек Муллажоновдан олинган тест намуналарида тақиқланган модда аниқланди. Спортчи қоидани бузганини тан олган.

Лазизбек Муллажонов уч йилга дисквалификация қилинди

Ўзбекистонлик боксчи, 2024 йилги Олимпиада чемпиони Лазизбек Муллажонов допинг қоидаларини бузгани учун уч йил муддатга мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда World Boxing федерациясига қарашли мустақил антидопинг дастурини юритувчи Халқаро тест агентлиги (ITA) расман маълум қилди.

ITA хабарига кўра, 2025 йил июн ойида спортчидан мусобақадан ташқари олинган допинг намунасида тақиқланган анаболик стероид — метастерон метаболит моддаси аниқланган. Муллажонов бу моддани қабул қилганини тан олгани учун, унинг жазо муддати стандарт тўрт йил эмас, балки уч йил этиб белгиланди.

Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган ва носпецифик моддалар қаторига киритилган метастерон мушак массаси ва кучини оширадиган синтетик анаболик стероид ҳисобланади.

Расмий маълумотга кўра, спортчининг ҳаваскор бокс бўйича мусобақалардан четлатилиши 2028 йил 21 июлга қадар давом этади. Шунингдек, Муллажоновнинг 2025 йил 11 июндан 22 июлгача бўлган барча натижалари бекор қилинади.

26 ёшли Лазизбек Муллажонов 92 килограмм вазн тоифасида 2024 йилги Париж Олимпиадаси чемпиони ва 2023 йилдаги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори ҳисобланади. У профессионал боксда ҳам олти марта рингга чиқиб, барча жангларда зафар қучган.

Теглар

Мавзуга оид

Лазизбек Муллажонов уч йилга дисквалификация қилинди | Vaqt.uz