Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш маркази янги агентликка ўтказилди

2023- йилнинг июл ойида мазкур марказ Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўтказилганди, шу йилнинг октабр ойида эса яна Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилганди.

Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш маркази янги агентликка ўтказилди

Президент фармони билан Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш маркази янги тузилган Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигига ўтказилди ва унинг фаолиятини трансформация қилиш вазифалари белгилаб берилди. Бу ҳақда бугун, 11-март куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилинди.

Маълум қилинишича, жорий йилда мамлакат ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларига 50 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилиши учун 24 триллион сўм бюджет маблағи йўналтирилиши, давлат харидлари доирасида эса 300 триллион сўмдан зиёд товар, иш ва хизматлар харид қилиниши кутилмоқда. Бундай катта ҳажмдаги лойиҳаларни амалга оширишда экспертиза тизимининг тезкор ва сифатли ишлаши муҳим аҳамият касб этади.

Тақдимотда амалдаги тартиб мазкур талабларга тўлиқ жавоб бермаётгани, тадбиркор ва инвесторларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Жумладан, ўтган йили экспертизага келиб тушган 7 минг 750 та ҳужжатнинг бир қисми узоқ муддатларда кўриб чиқилган. Айрим ҳолларда лойиҳалар аҳамияти катта бўлмаган камчиликлар сабаб бир неча марта қайта ишлашга юборилган.

Тақдимотда соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди. Марказ фаолияти рақамлашмагани ва хавф-таҳлил ёндашувининг йўқлиги учун битта ходимга тўғри келадиган операцион юклама ортиб кетгани қайд этилди. Марказда 130 нафар ходим ишласа-да, хавфи паст ва стратегик аҳамиятли лойиҳалар бир-биридан ажратилмагани учун ҳар бир ходимга икки кунда ўртача битта лойиҳа тўғри келмоқда.

Экспертизага келиб тушаётган ҳужжатларнинг катта қисми қиймати нисбатан кичик бўлган лойиҳалардан иборат. Шунингдек, кўплаб ҳужжатлар аввал кўрилган лойиҳаларга ўхшаш бўлса ҳам, улар қайтадан тўлиқ тартибда кўриб чиқилмоқда. Бу эса ортиқча вақт ва ресурс сарфига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Тақдимотда марказ фаолиятига илғор тажриба ва амалиётларни жорий қилиш таклиф қилинди. Хусусан, лойиҳаларни кўриб чиқишда хавф даражаси ва қийматига қараб, табақалаштирилган тартибни жорий этиш таклифи билдирилди. Унга кўра, лойиҳаолди ҳужжатларни экспертизадан ўтказишда техник топшириқлар кўриб чиқилмайди, фақат 15 миллион доллардан юқори қийматдаги корпоратив ва бюджет лойиҳалари кўриб чиқилади.

Йирик ва мегалойиҳаларни параллел экспертизадан ўтказиш, аввалгиларига ўхшаш лойиҳа келиб тушганда, тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш, жисмонан ва маънан эскирган ускуналарни соддалаштирилган тартибда экспертизадан ўтказиш, бенчмаркинг усулини қўллаш ташаббуслари илгари сурилди. Бу экспертиза жараёнини мақбуллаштириб, марказнинг асосий эътиборини стратегик аҳамиятга эга йирик инвестиция лойиҳаларига қаратиш имконини беради.

Тақдимотда экспертиза жараёни иштирокчилари учун рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, лойиҳалар бўйича биринчи босқичдаёқ ижобий хулоса олинса ёки лойиҳа бўйича билдирилган эътирозлар муддатидан олдин бартараф этилса, буюртмачиларни рағбатлантириш, экспертиза жараёнларини тезлаштириш ва чегирмалар бериш каби чоралар таклиф қилинди.

Марказ фаолиятини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун солиқ ва божхона органлари, миллий статистика тизими, экология ва иқлимга оид маълумотлар базалари, шунингдек, қурилиш ресурслари миллий классификатори ҳамда давлат харидлари электрон тизимлари билан интеграция қилинган ягона ахборот платформаси яратилади. Ушбу платформа орқали лойиҳаларга оид ҳужжатлар онлайн шакллантирилиши, товар ва хизматларнинг нархлари ҳамда техник кўрсаткичлари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниши белгиланмоқда.

Давлат раҳбари лойиҳалар экспертизаси инвестиция муҳитининг муҳим бўғини эканини таъкидлаб, мазкур соҳада ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш, жараёнларни рақамлаштириш, сифат ва тезкорликни ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид