Луизианада ота ўз фарзандларини отиб ташлади

Бугун 10:221 дақиқа

АҚШнинг Луизиана штатида эркак 8 болани отиб ўлдирди, улардан 7 нафари унинг ўз фарзандлари бўлган.

Луизианада ота ўз фарзандларини отиб ташлади © Reuters

АҚШнинг Шривпорт шаҳрида 19-апрел куни эрталаб содир бўлган отишма оғир фожиага айланди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Маълумотларга кўра, Шамар Элкинс томонидан содир этилган ҳужум оқибатида саккиз нафар бола ҳалок бўлган. Қурбонларнинг еттитаси унинг ўз фарзандлари, яна бири эса қариндош бола бўлган. Шунингдек, ҳодиса натижасида ҳужумчининг рафиқаси ва яна бир аёл — унинг эҳтимолий севгилиси ҳам оғир яраланган.

Гумонланувчи ҳужумдан сўнг автомашина ўғирлаб, воқеа жойидан қочишга уринган. Бироқ полиция уни тезкор равишда таъқибга олган ва қисқа вақт ичида тўхтатган.

Қўлга олиш жараёнида у қаршилик кўрсатгани сабабли, полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Полиция вакили Кристофер Борделон воқеа жойини «жуда даҳшатли манзара» деб таърифлади.

«Бу фожиа, эҳтимол, шаҳримиз тарихидаги энг оғир ҳодисалардан бири бўлиши мумкин», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда барча ҳолатлар синчиклаб ўрганилмоқда ва тергов ишлари давом этмоқда.

Шаҳар мери Том Арсено ушбу ҳодисани тарихдаги энг оғир фожиалардан бири деб атаб, жамоатчиликни бирдамликка чақирди. Маҳаллий аҳоли ва расмийлар ҳалок бўлганлар хотирасига мотам тутмоқда.

Теглар

Мавзуга оид