add

Лукашенко санкциялар ечилиши эвазига сиёсий маҳбусларни озод қилди

Бугун 23:241992 дақиқа

Беларус президенти Александр Лукашенко калий ўғитларига қўйилган санкциялар олиб ташланиши ортидан 100 нафардан ортиқ сиёсий маҳбусни озод қилди.

Лукашенко санкциялар ечилиши эвазига сиёсий маҳбусларни озод қилди

Беларусь президенти Александр Лукашенко 123 нафар сиёсий маҳбусни озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор АҚШ томонидан Беларус калий ўғитларига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш ортидан қабул қилинган.

Маълум қилинишича, президент қарори билан жами 123 нафар шахс афв этилган. Улар жосуслик, экстремистик ва террористик фаолиятда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган фуқаролар ҳисобланади. Маъмурият баёнотига кўра, афв этиш қарори АҚШ президенти Доналд Трамп билан эришилган келишувлар доирасида ва унинг илтимосига биноан қабул қилинган.

Озод этилганлар орасида 2020 йилги президент сайловларида номзод бўлган Виктор Бабарико, унинг сайлов штаби раҳбари Мария Колесникова ҳамда Нобел тинчлик мукофоти соҳиби, ҳуқуқ ҳимоячиси Алес Беляцкий бор. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, барча озод этилган шахслар Беларусдан чиқарилган ва хавфсиз ҳудудларга жойлаштирилган.

Украинанинг «Яшашни истайман» лойиҳасининг маълум қилишича, озод қилинганларнинг 114 нафари Украина ҳудудига олиб чиқилган. Мария Колесникова мамлакатни тарк этган, Алес Беляцкий эса мажбурий тарзда депортация қилинган. Беларус мухолифати вакилларининг таъкидлашича, барча собиқ маҳбуслар ҳозир хавфсиз жойда.

Қарор АҚШнинг калий ўғитларига қўйилган санкцияларни бекор қилиши билан бир вақтга тўғри келди. АҚШнинг Беларус бўйича махсус вакили Жон Коул санкциялар 2021 йилда жорий этилганини ва уларни олиб ташлаш Минск билан муносабатларни нормаллаштириш йўлида муҳим қадам эканини таъкидлади. Калий ўғитлари экспорти Беларус бюджети даромадларининг катта қисмини ташкил этади.

Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда Лукашенко АҚШ билан келишувлар доирасида жами 156 нафар маҳбусни афв этган. Улар орасида АҚШ, Буюк Британия, Литва, Украина ва бошқа давлатлар фуқаролари ҳам бор.

Теглар

Мавзуга оид