add

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги активларини сотиб олиш масаласи ҳозирча кун тартибида йўқ — «Ўзбекнефтгаз»

Баҳодир Сидиқовга кўра, санкциялар «Лукойл» фаолияти ва Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга муқаррар таъсир кўрсатади.

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги активларини сотиб олиш масаласи ҳозирча кун тартибида йўқ — «Ўзбекнефтгаз»

«Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси ва Россиянинг «Лукойл» нефть-газ компанияси АҚШ санкцияларининг Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга бўлиши мумкин бўлган таъсирини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Баҳодир Сидиқов Gazeta’га берган интервюсида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, жорий этилган чекловларни муҳокама қилиш учун 28 октябр куни «Лукойл» билан учрашув режалаштирилган. Ҳозирча Ўзбекистон томонидан Россия активларини сотиб олиш масаласи кўтарилмайди.

«Менимча, ҳозир сотиб олиш масаласи кўтарилмайди, менимча. Ҳозир «Лукойл»нинг позициясини ҳам эшитамиз. Ўйлашимча, бундай муддатда қандайдир объектни сотиб олиш, бошқа ҳар қандай давлат учун ҳам, ҳақиқатга тўғри келмайди. 21 ноябргача нарх бўйича келишиш… Масалан, мен бундай вазиятда сотмаган бўлардим», - деди у.

«Лукойл» илгари ҳам халқаро активларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун зарур бўлса, лицензия муддатини узайтириш бўйича ариза топширишни режалаштирганини маълум қилган эди.

«Майдон бор, маълум санкциялар муддатини узайтириш имконияти мавжуд. Бироқ бу ҳам — ҳозир Америка томони билан ҳам музокаралар олиб боришимиз керак бўлади. Бу узоқ муддатли жараён», - деб таъкидлади у.

Сидиқов санкциялар «Лукойл» фаолияти ва Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга муқаррар таъсир кўрсатишини қўшимча қилган.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу уларнинг ва бизнинг фаолиятимизга таъсир қилади. У ерда улар билан молиявий алоқалар ўрнатиш имконсиз бўлади. Бугун биз барча вариантларни муҳокама қиламиз», - деган «Ўзбекнефтгаз» раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, «Лукойл» аввалроқ айрим давлатлар томонидан жорий этилган чекловлар туфайли халқаро активларини сотиш ниятини билдирган. АҚШ Молия вазирлиги «Роснефт», «Лукойл» ва уларнинг 34 та тармоқ корхоналарини янги санкциялар рўйхатига киритган. АҚШ ва хорижий давлатлар фуқаролари ёки молия институтларига 21 ноябрдан кейин ушбу компаниялар ва уларнинг шўба корхоналарига ёрдам бериш тақиқланади, акс ҳолда барчага санкциялар таҳдид солади.

Газета'га кўра, «Лукойл» Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади. 2024 йилда компаниянинг умумий инвестициялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошган. «Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бўлиб, унинг умумий сармояси 3,5 миллиард долларни ташкил этади.

Теглар

Мавзуга оид

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги активларини сотиб олиш масаласи ҳозирча кун тартибида йўқ — «Ўзбекнефтгаз» | Vaqt.uz