add

«Made in Central Asia»: Марказий Осиё мамлакатлари ўз брендини яратмоқчи

Шунингдек, мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш, халқаро молия институтлари ва йирик инвесторларни инфратузилма ҳамда саноат лойиҳаларига жалб режалаштирилган.

«Made in Central Asia»: Марказий Осиё мамлакатлари ўз брендини яратмоқчи

Марказий Осиё мамлакатлари «Made in Central Asia» брендини яратиб, мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 13 ноябр куни Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатларининг савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишида айтиб ўтилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиэв, Тожикистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Завки Завкизода, Туркманистоннинг савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаҳанов, Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Элнур Алиэв, Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов  иштирок этди.

Мулоқот минтақада савдо айланмаси, саноат кооперацияси ва инвестиция бўйича янгича ёндашувларни йўлга қўйишга қаратилди. Тадбир доирасида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Йиғилишда вазирлар минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, савдо тўсиқларини камайтириш ва кооперацияни кенгайтириш бўйича аниқ механизмларни муҳокама қилди. Қўшма ишлаб чиқариш майдонларини «Made in Central Asia» бренди остида йўлга қўйиш ғояси алоҳида эътиборга тушди. Мазкур ташаббус минтақадаги саноат салоҳиятини бирлаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини оширишга қаратилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдоси сўнгги йилларда барқарор ўсишни намоён қилмоқда. 2017 йилда 3,2 миллиард доллар бўлган товар айланмаси 2024 йилга келиб 6,9 миллиард долларга етган. Хусусан, Қозоғистон билан савдо ҳажми 4 миллиард долларга яқинлашган, Қирғизистон билан 700 миллион долларга, Тожикистон билан 570 миллион доллардан ошиб, Туркманистон билан эса 1,15 миллиард долларга етган. Озарбайжон билан товар айланмаси эса жорий йил бошидан буён 13 фоизга ўсгани қайд этилган.

Йиғилишда шунингдек, божхона ва чегара тартиб-таомилларини оптималлаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини мувофиқлаштириш ва саноат хабларини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Хомашё ва технология салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш, саноат кооперацияси орқали янги экспорт йўналишларини очиш масалалари ҳам муҳокамадан ўтди.

Тадбир якунида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш бўйича қатор келишувларни ўз ичига олган қўшма коммюнике имзоланди. Йиғилиш Марказий Осиёни саноат ва инвестиция соҳаларида минтақавий ривожланишнинг асосий марказларидан бирига айлантиришга қаратилган янги босқични бошлаб берди.

Эслатиб ўтамиз, 15-16 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Учрашувда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этади.

Теглар

Мавзуга оид

«Made in Central Asia»: Марказий Осиё мамлакатлари ўз брендини яратмоқчи | Vaqt.uz