add

Мадуро Трамп таҳдидидан сўнг Путиндан ҳарбий ёрдам сўради

01.11.2025 | 08:5813972

Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШнинг Кариб ҳавзасидаги ҳарбий фаоллашуви ортидан Россиядан ёрдам сўради.

Мадуро Трамп таҳдидидан сўнг Путиндан ҳарбий ёрдам сўради

Венесуэла президенти Николас Мадуро Россия раҳбари Владимир Путинга ҳарбий ёрдам юбориш ҳақида расмий илтимос билан мурожаат қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда The Washington Post нашри АҚШ ҳукуматининг ички ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Манбага кўра, илтимоснома АҚШ қўшинларининг Кариб минтақасида жойлаштирилиши ва Венесуэлага зарба бериш эҳтимоли билан боғлиқ вазият фонида юборилган.

Мадуро Москвадан мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини кучайтириш учун 14 та ракета мажмуаси етказиб беришни, шунингдек, илгари сотиб олинган Су-30МК2 ҳарбий самолётларини тиклашда ёрдам беришни сўраган. Шунингдек, Венесуэла раҳбари 8 та двигател ва 5 та радарни капитал таъмирдан чиқариш, ҳамда логистик қўллаб-қувватлашни таъминлашни илтимос қилган.

The Washington Post маълумотларига кўра, Мадуронинг Путинга йўллаган хати жорий йил октябр ойининг ўрталарида Венесуэла транспорт вазири Рамон Селестино Веласкес томонидан Москвага амалга оширилган ёпиқ ташриф давомида шахсан етказилган. Ҳужжатда Су-30 ҳарбий учоқлари Венесуэланинг «асосий тийиб туриш кучи»ни ташкил этиши таъкидланган.

Шунингдек, Мадуро Россиянинг «Ростех» компанияси орқали уч йиллик молиявий ёрдам сўрагани ҳам қайд этилган, аммо маблағ миқдори ошкор этилмаган. Шу билан бирга, Путиндан жавоб келган-келмагани маълум қилинмаган.

Мадуро ва Путин ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик илгари ҳам кузатилган — Россия Венесуэлага ҳаво мудофаа тизимлари, ҳарбий самолётлар ва техник мутахассислар билан кўмак берган. Аммо бу сафарги илтимос Вашингтон ва Каракас ўртасидаги муносабатлар кескинлашган пайтда янгради.

Аввалроқ Доналд Трамп маъмурияти Венесуэладаги ҳарбий обйектларга зарба бериш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид