
Мадуронинг энг яқин иттифоқчиси Трамп билан ишлайдими?
Николас Мадуро қўлга олинганидан сўнг, АҚШ маъмурияти Венесуэлада ўтиш даврини Мадуронинг энг яқин ҳамкори Делси Родригес орқали бошқариш имкониятини муҳокама қилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп шанба куни ўтказган матбуот анжуманида Николас Мадуро қўлга олинганидан кейин Венесуэлада хавфсиз ва назоратли ўтиш даври таъминлангунича мамлакатни АҚШ бошқаришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу жараёнда АҚШ давлат котиби Марко Рубио Мадуронинг вице-президенти Делси Родригес билан мулоқот олиб бормоқда, деб ёзмоқда BBC.
Трамп Родригесни «зарур деб ҳисобланган қарорларни қабул қилишга тайёр» шахс сифатида тавсифлади. Бироқ Делси Родригеснинг ўзи кейинги чиқишида Мадуронинг ҳибсга олинишини «ўғирлаб кетиш» деб атаб, Венесуэла ҳеч қачон бошқа давлатнинг мустамлакасига айланмаслигини билдирди. Бу икки хил сигнал мамлакатда ким ҳокимиятда экани ҳақида саволларни кучайтирди.
Венесуэла Конституциясига кўра, президент вазифасини бажара олмаган тақдирда ваколатлар вице-президентга ўтади. Шу асосда Венесуэла Олий суди Делси Родригесни мамлакатнинг вақтинчалик президенти деб эълон қилди. Бу қарор юридик жиҳатдан мантиқий бўлса-да, АҚШ аралашувидан кейинги сценарий кўплаб кузатувчилар кутганидан фарқ қилди.
АҚШ ва ўнлаб давлатлар 2024 йилги сайловларни сохталаштирилган деб баҳолаб, Николас Мадурони легитим президент сифатида тан олмаган эди. Мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес ғалаба қозонгани ҳақида далиллар тақдим этилган, мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо эса кейинчалик Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлган.
Кўпчилик Мадуро қулаганидан кейин ҳокимият мухолифат қўлига ўтади, деб кутган эди. Аммо Трамп Мачадони қўллаб-қувватламаслигини очиқ айтди ва унинг етарли таянчи йўқлигини билдирди. АҚШ маъмурияти эса қисқа муддатда барқарорликни таъминлаш учун ҳозирча Мадуронинг ички доираси билан ишлашни энг кам хатарли йўл деб ҳисоблаётган кўринади.





