Магистр хотин-қизлар учун контракт тўловини қоплаш аризаси узайтирилди
23.09.2025 | 23:153 дақиқа
Энди аризалар 30 сентябрга қадар қабул қилинади.

Магистр хотин-қизлар котракт тўловини бюджетдан қоплаш бўйича аризаларни 30-сентабргача жўнатишлари мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Давлат комиссияси баёни билан магистратура мутахассисликларига қабул натижалари тасдиқланди. Унга кўра, 2025/2026-ўқув йилида давлат ОТМлари магистратура мутахассисликларига умумий қабул параметрлари доирасида кундузги таълим шаклига — 16 286 нафар, кечкига — 657 нафар, масофавий таълим шаклига эса 335 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди.
Яна 987 нафар талабгор кундузги таълимга, 7 нафари кечкига ва 4 нафари масофавий таълимга қўшимча имтиёз билан тавсия этилди. Танлов натижаси қайдномалари уч кун муддатда олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда етказилади.
Шунингдек, базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ва таҳсил олаётган хотин-қизларнинг жорий ўқув йили учун контракт тўловини бюджетдан қоплаб бериш бўйича ариза беришнинг сўнгги муддатини 30-сентабрга қадар узайтиришга рухсат берилди. Олдин бу 15-сентабргача белгиланганди.
Ушбу имтиёз қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
- аризани белгиланган муддатда тақдим этмаганлар;
- табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар;
- нодавлат олий таълим муассасалари магистратурасида таҳсил олаётганлар.
Бунда талабгорлар ўзлари таълим олаётган ОТМ ректори ёки филиал директори номига ариза билан мурожаат қилишлари шарт. Белгиланган муддатдан кейин топширилган аризалар қабул қилинмайди.





