add

Маҳаллалар жиноятчилик ҳолатига қараб раҳбарларга бириктирилади

07.01.2026 | 10:152 дақиқа

2026 йилдан жиноятчилик даражасига қараб ҳар бир маҳалла учун аниқ раҳбар ва идоралар бевосита жавобгар этилади.

Маҳаллалар жиноятчилик ҳолатига қараб раҳбарларга бириктирилади

Ўзбекистонда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича манзилли ишлашнинг янги тизими жорий этилади. 2025 йил 5 январда қабул қилинган «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори шуни назарда тутади.

Жиноятчилик даражаси оғир бўлган маҳаллалар — туман ва шаҳар ҳокимлари, прокурорлар ҳамда ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари жавобгар этиб белгиланади. Улар маҳалладаги хавфли омилларни бартараф этиш ва профилактика чораларини мувофиқлаштириш учун шахсан масъул бўлади.

Сўнгги беш йил давомида «қизил» тоифада сақланиб қолаётган маҳаллалар — Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, вилоят даражасидаги ички ишлар органлари ва ҳокимлик раҳбарларининг ўринбосарларига бириктирилади.

Уч йилдан бери «қизил» тоифадан чиқмаган маҳаллалар бўйича — ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий ташкилотлари масъул қилиб белгиланган. Ушбу ёндашув илмий таҳлил ва амалий ечимларни уйғунлаштиришга қаратилган.

Криминоген вазияти энг оғир бўлган туман ва шаҳарлар учун вилоят прокурорлари ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари бевосита жавобгар ҳисобланади. Шу билан бирга, аёллар жиноятчилиги, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар ҳамда низоли оилалар улуши юқори бўлган маҳаллалар тегишли равишда оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ҳамда адлия бошқармалари раҳбарларига бириктирилади.

ИИО ходимлари ҳуқуқбузарлик хабарларини ҳудуддан қатъи назар қабул қилади

Низоли оилалар бўйича маълумотларни таҳлил қилишга мўлжалланган «Э-низоли оила» модули жорий этилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги мурожаатларига тезкор жавоб беришнинг янги тартиби жорий этилади. Йил охирига қадар ички ишлар органлари ходимлари фуқаролардан келиб тушадиган оғзаки шикоятларни соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар қабул қилади. Бу амалиёт ходимларнинг планшетлари орқали реал вақт режимида ишлайди ва мурожаат тегишли бўлинмага зудлик билан йўналтирилади.

Ноябр ойига қадар «Менинг инспекторим» мобил иловаси ишга туширилиши режалаштирилган. У орқали фуқаролар маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиши, фото, аудио, видео ва сигнал хабарларини юбориши ҳамда инспекторлар фаолиятини баҳолаш имконига эга бўлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2025 йил 3 январдаги қарордан сўнг маҳаллаларда жиноятчилик даражаси бир йил ичида қарийб 1,5 бараварга камайган. 2026 йил учун эса криминоген вазият оғир бўлган маҳаллаларда туман ва шаҳар ҳокимлари, прокурорлар ҳамда ИИБ раҳбарлари бевосита масъул этиб белгиланган.

Жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш, можароли оилалар бўйича маълумотларни судлар ўртасида интеграциялаштирилган электрон тизим орқали мониторинг қилиш вазифалари ҳам белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид