
Маҳаллаларда ишсизликни қисқартириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилди
Президент маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни камайтириш ишлари бўйича ахборотни кўриб, ечимлар самарасизлигини танқид қилди. Масъулларга аниқ вазифалар ва қатъий мезонлар белгилашни топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот билан танишди. Йиғилиш танқидий руҳда ўтди, давлат раҳбари айрим ҳудудларда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётганини, сусткашликлар ҳали ҳам сақланаётганини кескин таъкидлади. Маҳалла тизимидаги масъуллар иш фаолиятини баҳолаш учун аниқ мезонлар йўқлиги ҳам камчилик сифатида қайд этилди.
Президентнинг таъкидлашича, «маҳалла еттилиги»нинг асосий вазифаси — ишсизликни қисқартириш ва даромадларни ошириш бўлиши шарт. Бунинг учун манзилли ечимлар, аниқ режалар ва натижага йўналтирилган ишлар кучайтирилиши лозим. Маҳалладаги муаммолар ва «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди.
Оғир тоифадаги маҳаллаларда инфратузилма, электр таъминоти, интернет тармоғи ва томорқадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш топширилди.
Жорий йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 6 фоизга тушиши кутилмоқда, келгуси йилда эса бу кўрсаткични 4,5 фоизгача пасайтириш режалаштирилган. Бунда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва даромад манбаларини яратиш асосий йўналиш бўлиб қолмоқда.
Президент ҳар бир камбағал оила бўйича индивидуал ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. «20 та маҳаллий бренд», «Бир контур – бир маҳсулот», «Тенг имкон», «Экспортчи кооперативлар» каби дастурлар орқали 1 миллион нафар аҳолини қоплаш мақсад қилинган.
Йиғилишда кичик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш, чегара ва анклав ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, туристик маҳаллалар, микросаноат марказлари ва тун-кундиз ишлайдиган кўчаларни ташкил этиш таклифлари ҳам тақдим этилди. Президент бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вазифаларни юксак масъулият билан бажаришни қатъий талаб қилди.





