
Маҳаллий товар сертификати харажатлари давлат томонидан қопланади
Тадбиркорлар учун сертификатлаштириш билан боғлиқ молиявий юкни камайтиришга доир янги қарор қабул қилинди.

Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни сертификатлаштириш билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Бу тартиб ҳукуматнинг 2025 йил 29 декабрда қабул қилинган 835-сон қарори билан тасдиқланган тегишли низомда белгиланди.
Қарор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ички бозорда миллий маҳсулотлар улушини ошириш ва тадбиркорлар харажатларини қисқартиришга қаратилган.
Янги механизм орқали сертификат ёки эксперт хулосасини олиш жараёни тадбиркорлар учун янада қулайлаштирилади.
Низомга мувофиқ, Президентнинг 2025 йил 27 майдаги мебель ва ёғочсозлик саноатини ривожлантиришга оид қарори асосида Ўзбекэкспертиза акциядорлик жамияти ваколатли орган сифатида белгиланди.
У мебель ва ёғочсозлик маҳсулотларининг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганини аниқлаш бўйича экспертизани тўлов ундирмасдан амалга оширади.
Экспертиза натижаларига кўра маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат ёки эксперт хулосаси расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар тадбиркорлар учун қўшимча молиявий босим бўлмаслиги мақсадида компенсация қилинади.
Харажатларни қоплаб бериш ваколати Савдони ривожлантириш компанияси акциядорлик жамиятига юклатилган. Компенсация сертификат ёки эксперт хулосасининг амал қилиш муддати давомида бир марта тўлаб берилади.
Компенсация олиш учун ваколатли орган ҳар ҳафта якунида тегишли маълумотлар киритилган реестрни электрон шаклда subsidiya.epauzb.uz платформаси орқали компанияга тақдим этади.
Мурожаатлар келиб тушган санадан бошлаб 7 иш куни ичида кўриб чиқилиб, харажатларни қоплаш бўйича қарор қабул қилинади.





