
Маиший ҳаво тозалагичлар учун бож бекор қилинди
Президент фармонига мувофиқ, маиший ҳаво тозалаш ускуналарини мамлакатга олиб киришда божхона божи бекор қилинди ва РМ2.5 ифлосланишини ўрганувчи махсус лаборатория ташкил этилади.

Президентнинг «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан маиший ҳаво тозалаш ускуналарини Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи бекор қилинди.
Фармонга кўра, атмосфера ҳавосининг РМ2.5 заррачалари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва муаммони чуқур ўрганиш мақсадида Экология қўмитаси ҳузурида махсус лаборатория ташкил этилади. Лабораториянинг вазифаси ҳаво сифатини техник жиҳатдан аниқ баҳолаш, катта ҳажмдаги намуналарни таҳлил қилиш ва экологик сиёсат учун илмий асос тайёрлашдан иборат бўлади.
Ушбу лаборатория учун зарур ускуналар ҳам қатор имтиёзларга эга бўлди. Хусусан, автоматлашган кичик станциялар, ташламаларни мониторинг қилиш ускуналари, автоматик кузатув постлари, чанг-газ тозалаш технологиялари ва локал сув тозалаш иншоотлари ҳам божхона божидан озод қилинади.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан олиб кириладиган маиший ҳаво тозалагичлар ҳам бож тўловисиз киритилади.
Фармонга мувофиқ, махсус лабораторияни жиҳозлаш жараёни тўғридан-тўғри харид усули орқали амалга оширилади. Жумладан, термо-оптик анализатор, атмосфера ҳавоси намуналарини йиғиш учун 5000 дона кварц филтрлар ва бошқа аниқ ўлчов ускуналари энг мақбул таклиф асосида харид қилинади.





