Logo

Маккага дрон ҳужуми: Ўзбекистон Саудия билан бирдамлигини билдирди

Саудия Арабистони ҳаво мудофаа тизимлари муқаддас Макка шаҳрига йўналтирилган учувчисиз қурилмани уриб туширди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳужум уринишини кескин қоралади.

Маккага дрон ҳужуми: Ўзбекистон Саудия билан бирдамлигини билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига йўналтирилган дрондан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралади. Вазирлик Саудия Арабистони билан тўлиқ бирдамлигини билдириб, муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатни номақбул деб атади.

Ташқи ишлар вазирлиги барча томонларни максимал даражада вазминлик кўрсатишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди.

Шунингдек, Ўзбекистон кескинликни камайтириш ва можаронинг янада тарқалишининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ҳужум тафсилотлари

Аввалроқ Саудия Арабистони ҳаво мудофааси муқаддас Макка шаҳри томон учирилган учувчисиз қурилмани йўқ қилгани хабар қилинган эди. Саудия бошчилигидаги ҳарбий коалиция вакили Турки ал-Малки дрон ҳусийларга тегишли бўлганини айтди. Ҳусийлар эса Макка нишонга олинганини рад этиб, бу баёнотни ёлғон деб атади.

«Рейтерс» хабарига кўра, дрон муқаддас шаҳар устидаги тақиқланган ҳаво ҳудудига киришидан олдин йўқ қилинган. Турки ал-Малки буни ҳусийларнинг 2017 йилдан буён Маккани нишонга олишга бўлган иккинчи уриниши сифатида баҳолаган.

Саудия 15 сентябр куни Макка учун кенг қамровли хавфсизлик огоҳлантиришларини эълон қилган.

Сўнгги кунларда ҳусийлар Саудия ҳудудидаги айрим ҳарбий ва энергетика объектларига ҳужумлар уюштирди. Улар бу ҳужумлар Яманга қилинган ҳаво зарбаларига жавобан амалга оширилганини билдирган.

14 сентябр куни Саудиядаги ҳаво базасига қилинган ҳужумда 13 нафар тинч аҳоли вакили яраланган.

Теглар

Мавзуга оид