add

Малдив ороллари авлодлар орасида сигарета тақиқини жорий этди

02.11.2025 | 15:201741

Малдив ороллари дунёда биринчи бўлиб 2007 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга тамаки маҳсулотларини сотиш, сотиб олиш ёки фойдаланишни тўлиқ тақиқлади. Мамлакат «авлодлар орасидаги сигарета тақиқини» амалга оширган ягона давлатга айланди.

Малдив ороллари авлодлар орасида сигарета тақиқини жорий этди

Ҳинд океанида жойлашган Малдив оролларида дунёда илк бор амалга оширилаётган янги қонун кучга кирди. Малдив ороллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 2007 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга ҳар қандай тамаки маҳсулотини сотиш, сотиб олиш ёки истеъмол қилиш тақиқланди.

Қарор мамлакат президенти Муҳаммад Муиззу ташаббуси билан қабул қилинган бўлиб, 1 ноябрдан амалга кирди. Вазирликнинг таъкидлашича, янги тартиб аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва «тамакисиз авлод»ни шакллантиришни мақсад қилади.

Қонунга кўра, 2007 йилдан кейин туғилганлар тамаки маҳсулотларини сотиб олиш ёки фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Савдо шохобчалари эса ҳар бир харид олдидан харидорнинг ёшини текшириши шарт бўлади.

Малдив ороллари — 1191 коралл оролидан иборат, люкс туризми билан машҳур мамлакат бу тақиқни туристларга ҳам татбиқ этди. Шу билан бирга, мамлакат электрон сигареталар ва буғ қурилмаларини ҳар қандай ёшда ишлатиш, сотиш ёки олиб киришни мутлақо ман этган.

Қонунбузарларга қаттиқ жарималар белгиланган: ёшларга тамаки маҳсулоти сотганларга 50 минг руфия (тахминан 3,2 минг доллар), электрон сигарета ишлатганларга эса 5 минг руфия (320 доллар) жарима қўлланилади.

Шу каби «авлодлар орасидаги сигарета тақиқини» илгари Янги Зеландия ҳам жорий этган, аммо 2023 йил ноябрда кучга кирган қонун бир йил ўтмасдан бекор қилинган. Буюк Британияда эса бу масала ҳануз қонунчилик муҳокамасида.

Теглар

Мавзуга оид

Малдив ороллари авлодлар орасида сигарета тақиқини жорий этди | Vaqt.uz