Марказий банк давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига изоҳ берди

Бугун 14:502 дақиқа

VAQT.UZ мухбирининг маълум қилишича, Марказий банк давлат банкларини хусусийлаштириш ва имтиёзли кредитлар улушини камайтириш сиёсатини давом эттиради.

Марказий банк давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига изоҳ берди

29 апрел куни асосий ставкани кўриб чиқишга бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Темур Ишметов давлат банкларини хусусийлаштириш ва имтиёзли кредитлар улуши бўйича мавжуд сиёсат давом эттирилишини маълум қилди. Бу ҳақда VAQT.UZ мухбири хабар берди.

Унинг таъкидлашича, давлат банклари самарадорлигини ошириш Марказий банк учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

«Энди давлат банкларини самарадорлигини ошириш ва умуман уларни керак бўлса, шу хусусийлаштириш масаласи, бу Марказий банк учун жуда ҳам аҳамияти юқори. Самарали банклар, умуман, Марказий банкнинг ҳам сиёсатини, керак бўлса, шу банклар сиёсатига таъсирини ошириб берадиган элементлардан бири», — деди Ишметов.

Раисга кўра, Марказий банк хусусийлаштириш жараёнида бевосита иштирок этмайди, бироқ активларни баҳолаш ва таҳлил ишларида жалб қилинган. Жараённинг асосий мақсади банк тизимида хусусий сектор улушини ошириш ва рақобатни кучайтиришдан иборат.

«Хусусийлаштириш деганда мен бу хусусийлаштириш хусусийлаштириш учун эмас, кўпроқ банк тизимида шу хусусий секторнинг улушини ошириш масаласига қаратган бўлардим. Яъни бу ерда ўзимизнинг хусусий банклар ҳам самарали ишлаб, уларнинг фаолияти кенгайиши, шу билан бирга бозорга юқори стандартларга эга бўлган янги ўйинчиларнинг кириб келиши», — деди Марказий банк раиси.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда бир қатор хорижий банклар бозорга кириб келган, яна янги ўйинчилар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирда эса бир нечта давлат банкларида активлар сифати баҳоланмоқда.

Хусусан, Саноатқурилишбанк, Алоқабанк ва Асакабанк бўйича хусусийлаштириш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Асакабанк»нинг хусусийлаштириш тезлаштирилиши маълум қилинган эди.

Имтиёзли кредитлар қисқартирилади

Шунингдек, имтиёзли кредитлар улушини камайтириш сиёсати ҳам изчил давом эттирилади.

«Имтиёзли кредитлар деганда, бу бир неча йилдан бери, умуман, ҳукумат билан бирга имтиёзли кредитлар улушини пасайтириш сиёсати амалга оширилмоқда… Лекин умуман кредитлаш, кредит портфелида қарайдиган бўлсангизлар, у имтиёзли кредитлар улуши ҳар йили пасайиб бормоқда ва бу сиёсат давом эттирилади», — деди Темур Ишметов.

Теглар

Мавзуга оид