Logo

Марказий банк қайси банклар тизимли аҳамиятга эга эканини айтди

Бугун 20:052 дақиқа

2027-йил учун тасдиқланган рўйхатга ўтган йилги 7 та банк киритилган. Уларнинг жами активлари мамлакат банк тизими активларининг 60 фоизини ташкил қилади.

Марказий банк қайси банклар тизимли аҳамиятга эга эканини айтди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон Марказий банки 2027-йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар рўйхатини тасдиқлади. Ундан ўтган йилги еттита банк ҳам ўрин олган бўлиб, таркибда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.  Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Қайси банклар рўйхатга киритилди?

Банк назорати қўмитаси қуйидаги банкларни тизимли аҳамиятга молик деб топди:

№

Bank nomi

1

«O‘zmilliybank» AJ

2

«Agrobank» ATB

3

«O‘zsanoatqurilishbank» ATB

4

«Asakabank»AJ

5

«Kapitalbank» ATB

6

«Xalq banki» AT

7

«Ipoteka-bank» ATIB

Банклар бир нечта мезон асосида баҳоланган. Бунда уларнинг активлари ва мажбуриятлари ҳажми, банк тизимининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро боғлиқлиги, хизматлар қамрови ҳамда операцияларининг мураккаблиги ҳисобга олинган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йил 1-октябр ҳолатига ушбу еттита банкнинг активлари мамлакат банк тизими жами активларининг 60 фоизини ташкил этган.

Тизимли банкларга қандай талаблар қўйилади?

Тизимли аҳамиятга молик банклар фаолияти устидан алоҳида банк назорати ўрнатилади. Шунингдек, улар таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларининг 1 фоизи миқдорида қўшимча капитал буферини шакллантириши керак.

Бу талаб банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва эҳтимолий хатарлар юзага келганда улардан келадиган зарарни қоплаш учун қўшимча захира яратишга қаратилган.

2026-йилнинг апрел ойида Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистонга тизимли аҳамиятга эга давлат банкларини сақлаш режасини қайта кўриб чиқишни тавсия қилганди.

ХВЖ баҳосига кўра, давлат тижорат банкларига давлат функцияларини юклаш молиявий хатарлар ва бюджет харажатларини ошириши мумкин. Шу сабабли давлат банкларининг тижорат фаолияти билан давлат вазифаларини бажариши ўртасидаги чегарани аниқ белгилаш керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Fitch Ratings» Ўзбекистонда давлат банкларини хусусийлаштириш жараёни 2028-йилгача кечикиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Агентлик «O‘zsanoatqurilishbank» ва «Asakabank»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари тезлашганини ҳам қайд этган. Амалдаги режага кўра, ушбу икки банк 2027-йилнинг охиригача сотилиши керак.


Теглар

Мавзуга оид

Марказий банк қайси банклар тизимли аҳамиятга эга эканини айтди | Vaqt.uz