Марказий банк реестрига учта янги микромолия ташкилоти киритилди

25.02.2026 | 10:152 дақиқа

Марказий банк Тошкентда рўйхатдан ўтган 3 та компанияни микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритди.

Марказий банк реестрига учта янги микромолия ташкилоти киритилди

Марказий банк «OLMOS FINANCE», «OSON MOLIYA» ва «PRIME SARMOYA» МЧЖларни микромолия ташкилотлари реестрига киритди. Шу тариқа ушбу компаниялар расман микромолиявий хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини олди.

«OLMOS FINANCE» МЧЖ

«OLMOS FINANCE» МЧЖ 2025 йил 13 ноябрда ташкил этилган бўлиб, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган. Компания директори сифатида Хўжамуродов Шермуҳаммад Эгамбердиевич фаолият юритади. У аввал Ўзбекистондаги биринчи микромолия банки — Таянч микромолия банкига раҳбарлик қилган.

Компания таъсисчилари орасида банк соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар бор. Жумладан, ANORBANK ва Hayotbankда топ-менежмент лавозимларида ишлаган Зохид Алимов ҳамда Капиталбанк бошқарув раиси, ANORBANK кузатув кенгаши раиси сифатида фаолият юритган Шерзод Каримбаев тенг улушда ширкатга эгалик қилади.

«OSON MOLIYA» МЧЖ

«OSON MOLIYA» МЧЖ 2025 йил 12 декабрда ташкил этилган. Юридик манзили Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ҳамид Сулаймон МФЙ Муқанна 1-берк кўчаси 24-уй. Компаниянинг устав капитали 2,1 млрд сўмни ташкил этади. Директор — Рустамов Алишер Насрединович.

Таъсисчилари 3 нафар жисмоний шахс — Якубова Гулноза Рустамовна (50 фоиз), Алимходжаева Джория Латифовна (25 фоиз), Уржунсева Галина Константиновна (25 фоиз).

«PRIME SARMOYA» МЧЖ

«PRIME SARMOYA» МЧЖ эса 2025 йил 22 июлда ташкил этилган. Юридик манзили Тошкент шаҳар Сергели тумани Хонобод МФЙ Беруний 1-тор кўчаси 11-уй. Унинг устав капитали ҳам 2,1 млрд сўмга тенг. Директор лавозимида Имомов Исомиддин Панжиевич ишлайди. Компаниянинг ягона таъсисчиси «MINDSETTERS» МЧЖ ҳисобланади.

Янги ташкилотларнинг реестрга киритилиши микромолия хизматлари бозорида рақобатни кучайтириши ва аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун молиявий хизматлар қамровини кенгайтириши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид