Марказий Осиё Эрон орқали денгизга чиқиши мумкин

Музлатилган мол гўшти ортилган илк юк машиналари аллақачон Карачидан Тошкентга йўлга чиққан.

Марказий Осиё Эрон орқали денгизга чиқиши мумкин

Покистон Афғонистонни айланиб ўтган ҳолда, Эрон орқали Марказий Осиёга олиб борувчи синов тариқасидаги қуруқлик йўналишини ишга туширди. Бу ҳақда «Озодлик» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, музлатилган мол гўшти ортилган илк юк машиналари аллақачон Карачидан Тошкентга йўлга чиққан.

Бу қарор Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар ва Эрон портларидаги узилишлар ортидан қабул қилингани айтилмоқда.

Муҳим алтернатив йўл

Янги йўналиш Марказий Осиё учун Афғонистон орқали ўтувчи анъанавий маршрутга муқобил сифатида қаралмоқда. Ташувчилар, агар йўл барқарор ишласа, юк оқимларини айнан шу йўналишга ўтказишга тайёрлигини билдирган.

Нашрнинг ёзишича, синов асосида ишга туширилган ушбу қуруқликдаги йўналиш Покистон томонидан тахминан 70 миллион аҳолиси бўлган Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш имконияти сифатида кўрилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бу масала юзасидан изоҳ бермаган. Таҳлилчилар бунга эҳтиёткор дипломатик позиция сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.

Сиёсий мувозанат масаласи

Мутахассислар фикрича, Тошкент бир вақтнинг ўзида бир нечта омилни ҳисобга олмоқда. Бир томондан, Афғонистон билан муносабатларни кескинлаштирмаслик муҳим. Иккинчи томондан, мамлакат Покистон билан ҳамкорлик орқали денгиз портларига чиқиш имкониятини кенгайтиришдан манфаатдор.

Янги маршрутнинг Эрон орқали ўтиши эса АҚШ муносабатига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Геосиёсий вазият

АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари ва Теҳроннинг жавоб ҳаракатлари минтақадаги транспорт тизимига жиддий таъсир кўрсатди. Натижада, денгиз йўллари ишончсизлашиб, қуруқлик маршрутларига талаб ошди.

Теглар

Мавзуга оид

Марказий Осиё Эрон орқали денгизга чиқиши мумкин | Vaqt.uz