Марказий Осиё мамлакатлари сув омборларининг ишлаш режими келишиб олди
Душанбеда ўтган йиғилишда мамлакатлар Амударё ва Сирдарё дарёларидаги сув омборларининг 2026 йил учун ишлаш режими бўйича келишиб олдилар.

20 феврал 2026 йил куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Марказий Осиё Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг 92-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги сув омборлари каскадларининг иш режими ҳамда сув таъминоти натижалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғилишда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума, Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Туркманистон Давлат сув хўжалиги қўмитаси раиси Дурди Генджиев иштирок этди. Қирғизистон вакиллари эса кузатувчи мақомида қатнашди.
Музокаралар чоғида 2025–2026 йиллар орасидаги вегетация бўлмаган даврда сув омборлари каскадларининг ишлаш режими, сув таъминоти натижалари, шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо давлатлар раҳбарларининг ташаббуслари ижроси муҳокама қилинди. Шу билан бирга, жорий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида Марказий Осиё Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг 92-йиғилиши баённомаси имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 13 феврал куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирларининг навбатдаги ишчи учрашуви бўлиб ўтганлиги ҳақида хабар берган эдик. Учрашувда томонлар куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш ва вегетация даврида сув-энергетика тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш юзасидан келишувга эришди.





