Logo

Марказий Осиё орқали савдо ошганига қарамай, Афғонистонда янги мева экспорти 88 фоизга камайди

Минтақа давлатларига мева сотиш фермерларга маҳсулот нархини маълум даражада сақлаб қолишга ёрдам берди. Шунга қарамай, Покистон билан савдо алоқаларининг узилиши қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи аҳолининг даромадларига салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, олти ой ичида қарийб 490 минг тонна янги мева ва сабзавот ўзининг ташқи бозоридан айрилган.

Марказий Осиё орқали савдо ошганига қарамай, Афғонистонда янги мева экспорти 88 фоизга камайди © Atlas Obscura

2026-йил апрел–сентябр ойларида Афғонистон Марказий Осиё давлатлари орқали 210 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравардан кўпроқни ташкил этди. Бироқ шу вақт ичида Афғонистондан барча мамлакатларга янги мева экспорти ҳажми оғирлик бўйича 88 фоизга камайди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг ноябр ойида эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.

2025-йилнинг октябр ойида Покистон билан асосий чегара ўтиш пунктлари ёпилганидан кейин Афғонистонга олиб кириладиган маҳсулотларнинг катта қисми Марказий Осиё орқали етказила бошланди. Жаҳон банки Афғонистон божхона маълумотларини таҳлил қилиб, 2026-йил апрел–сентябр ойларида Марказий Осиё давлатларининг мамлакат импортидаги улуши қиймат жиҳатидан 42,2 фоизга етганини аниқлади. Бир йил олдин бу кўрсаткич 27,2 фоиз эди.

Қозоғистон 2026-йилнинг дастлабки етти ойида Афғонистонга 215,6 миллион долларлик ун сотди. Шунингдек, мамлакат Афғонистон орқали Покистондаги портларга чиқадиган темирйўл йўналишларини ривожлантириш имкониятларини ўрганмоқда.

Покистон билан чегара ёпилишидан олдин Афғонистон экспорт қилган янги меваларнинг оғирлик жиҳатидан 96 фоизини айнан шу мамлакат сотиб олган. Масалан, узум ва қовун каби маҳсулотларнинг бир килограмми 28–31 сент атрофида баҳоланган. Уларни самолётда ташиш ёки узоқроқ автомобил йўллари орқали етказиш харажатлари юқори бўлгани сабабли, бошқа узоқ бозорларга экспорт қилиш фермерлар учун фойдасиз бўлиб қолган.

Бошқа транспорт йўналишлари орқали янги мевалар экспортининг йўқотилган ҳажмининг атиги 9 фоизини қоплашга муваффақ бўлинди. Сабзавот экспортидаги йўқотишларни эса бошқа йўналишлар орқали умуман қоплаб бўлмади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, олти ой ичида қарийб 490 минг тонна янги мева ва сабзавот ўзининг ташқи бозоридан айрилган. Афғонистоннинг умумий озиқ-овқат экспорти ҳам кескин камайган: аввалги 745 минг тоннадан 200 минг тоннагача тушган. Бу қарийб 73 фоизлик пасайиш демакдир.

Афғонистонлик фермерлар олма ва анор ҳосилини йиғишаётган пайтда ҳам Покистон билан чегара ёпиқ эди. Очарчиликни эрта огоҳлантириш тизимлари тармоғи (FEWS NET) октябр ойидаги ҳисоботида жойлардан олинган маълумотларга таяниб, бу йилги мева ҳосили ўтган йилгидан кўпроқ бўлганини қайд этди.

Марказий Осиё давлатларига мева сотиш фермерларга маҳсулот нархини маълум даражада сақлаб қолишга ёрдам берди. Шунга қарамай, Покистон билан савдо алоқаларининг узилиши қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи аҳолининг даромадларига салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон афғон маҳсулотларини Марказий Осиё ва Россия бозорларига чиқаришда кўмаклашиши ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид