Марказий Осиё ва Афғонистон Россия ёқилғиси учун асосий экспорт бозорига айланди — Reuters

Яқин Шарқдаги таъминот узилиши фонида минтақа давлатлари Россиядан ёқилғи импортини 50 фоизга оширди.

Марказий Осиё ва Афғонистон Россия ёқилғиси учун асосий экспорт бозорига айланди — Reuters

Жорий йилнинг биринчи чорагида Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон Россия ҳамда Беларусдан темир йўл орқали ёқилғи импортини 50 фоиздан кўпроққа оширди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, январ–март ойларида жами етказиб бериш ҳажми 3,347 млн тоннага етган.

Бу ўсиш, асосан, энергия оқимларининг Европа бозоридан бошқа йўналишларга бурилиши ва Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият билан боғлиқ. Хусусан, Эрондаги уруш таъминот занжирларига жиддий таъсир кўрсатиб, анъанавий ёқилғи етказиб бериш ҳажмини чеклаб қўйган.

Европа эмбаргоси таъсири

2023 йил февралда Европа Иттифоқи Россия нефт маҳсулотларига эмбарго жорий этганидан сўнг, Москва экспорт йўналишларини қайта шакллантирди. Шу тариқа Марказий Осиё ва Афғонистон Россия ёқилғиси учун асосий бозорлардан бирига айланган.

Шу билан бирга, Россияда бензин экспортига июл ойи охиригача вақтинчалик чекловлар жорий этилган бўлса-да, ҳукуматлараро келишувларга эга бўлган айрим давлатлар учун ушбу тақиқлар амал қилмайди.

Афғонистон йўналиши

Маълум бўлишича, Афғонистон Россиянинг бензин экспортига киритган тақиқидан истисно қилинмаган, бироқ Беларус ушбу мамлакатга ёқилғи етказиб беришни давом эттириши мумкин.

«Толибон» бошқарувидаги Афғонистоннинг Россия ва Беларусдан амалга оширган импорти ҳажми жорий йилнинг биринчи чорагида 2025 йилнинг мос даврига нисбатан тўрт баробарга ошиб, 530 минг тоннага етган. Мазкур кўрсаткичнинг 231 минг тоннасини бензин ташкил этади.

Теглар

Мавзуга оид