add

Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақага айланди — Абдулазиз Комилов

Президент маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашуви форматига қўшилиши икки минтақа ўртасида янги сиёсий-иқтисодий боғлиқликни яратиб, минтақавий интеграция жараёнини мутлақо янги босқичга олиб чиққанини айтди.

Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақага айланди — Абдулазиз Комилов

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви форматига Озарбайжоннинг расман қўшилиши минтақа геосиёсий манзарасини тубдан ўзгартирди. Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов журналист Азиза Қурбоновага берган интервьюсида бу қарор Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни ягона геосиёсий ва геоиқтисодий маконга айлантирганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, саммит арафасида президент Шавкат Мирзиёевнинг мақоласи иштирокчилар учун ижобий ва конструктив муҳит яратган ва кун тартиби ҳам айнан шу мақола асосида шаклланган. Камилов бу мақолани минтақа давлатлари ўртасидаги яқинлашувни кучайтирган муҳим омил сифатида баҳолади.

Камилов БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг табрик мактубини ҳам эслаб, унда Марказий Осиё жараёни бошқа минтақалар учун ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликдаги муваффақиятли модель сифатида қайд этилганини билдирди. Унга кўра, бу тажрибани сиёсий-иқтисодий ривожланиш моделига айлантириш имкони мавжуд.

Президент маслаҳатчиси Озарбайжоннинг расмий қўшилиши Алиев нутқида алоҳида таъкидланганини, бу эса икки минтақа ўртасида боғлиқликни кучайтириб, барқарорлик ва хавфсизликка хизмат қилишига ишора қилишини қайд этди. Камилов президентлар нутқларида кўтарилган мавзулар бир-бирига яқин бўлганига, Марказий Осиёнинг халқаро майдонда ягона овоз сифатида шаклланиб бораётганига алоҳида урғу берди.

Унинг таъкидлашича, интеграция жараёнларининг бу босқичга келишида президент Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари катта. У сўзларини якунлар экан, минтақа ўтган муаммоларни ҳал қилгани ва эндиликда янги кун тартиби — чуқур минтақавий интеграция даври бошланганини маълум қилди.

«Шунинг учун биз муболаға бўлмайди ҳеч қандай, агар айтсак ҳурматли президентимизнинг сиёсати туфайли мана шу Марказий Осиё жараёнида бугун революция содир этди». — деди Абдулазиз Комилов.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 16 ноябр куни бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди.

Теглар

Мавзуга оид

Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақага айланди — Абдулазиз Комилов | Vaqt.uz