Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари Туркманистонда йиғилади

Бугун 14:592 дақиқа

Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви 2026-йил 8-октябр куни Аваза миллий сайёҳлик зонасида ўтказилади.

Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари Туркманистонда йиғилади © Prezident matbuot xizmati

Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви жорий йилнинг 8-октябр куни Туркманистондаги Аваза миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов сайёр йиғилишда маълум қилди.

Йиғилиш президент Сердар Бердимухамедов раислигида Болқон вилоятида ўтказилган бўлиб, унда мамлакатнинг 2026-йилнинг дастлабки тўрт ойидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари муҳокама қилинган.

Рашид Мередовнинг сўзларига кўра, ҳозирда саммит арафасида Марказий Осиё мамлкатлари ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари учрашувларига ҳам тайёргарлик олиб борилмоқда.
Шунингдек, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғинига тайёргарлик ишлари ҳам давом этмоқда.

Маслаҳат учрашувлари тарихи

Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бошланган. Ўзбекистон етакчиси 2017-йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сурган.

2018-йилда бундай форматдаги биринчи учрашув Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган. Иккинчи учрашувга 2019-йил ноябр ойида Тошкент мезбонлик қилган. Кейинги учрашувлар турли йилларда Туркманистон (2021-йил август), Қирғизистон (2022-йил июл), Тожикистон (2023-йил сентябр), Қозоғистон (2024-йил август)да ташкил қилинган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 2023-йилда Душанбеда ва 2024-йилда Остонада ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этган бўлса, ўтган йили ноябрда Тошкентдаги маслаҳат учрашувида Озарбайжон бу форматнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди.

Теглар

Мавзуга оид