add

Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчилари Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилди

Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим залини кўздан кечиришди.

Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчилари Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилди

Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан юртимизга келган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбойжон етакчилари Ислом цивилизацияси марказидаги тарихий, маънавий ва илмий экспозициялар билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати. Ушбу ташриф Марказий Осиёдаги ҳамкорликнинг маънавий пойдеворларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Марказ Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилган бўлиб, у ислом олами меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган. Мажмуада биринчи ва иккинчи Ренессансга оид кўргазмалар, буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий ва бошқаларнинг мероси намоён этилган. Шунингдек, тарихий сулолалар даврига оид ноёб қўлёзмалар ва уларнинг ўзбекча таржималари ҳам намойиш этилган.

Президентлар Тошкент марказидаги мажмуани кўздан кечирар экан, унинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа халқлари учун маънавий-маърифий аҳамиятини таъкидладилар. Улар мажмуадаги Қуръони карим — Усмон Мусҳафининг аҳамиятини, унинг тарихий ва маданий қимматини алоҳида қайд этдилар.

Ташриф давомида етакчилар Ўзбекистоннинг умумий меросни сақлаш ва тарғиб қилишга қаратилган ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Ушбу марказ минтақада илмий, таълимий ва маданий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Ислом цивилизацияси марказига ташриф давомида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Президентлари “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан таъсис этилган халқаро мукофот адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида катта ютуқларга эришган юртимиз ва хорижий ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон вакиллари: Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев “Адабиёт” номинациясида, Тожикистон халқ шоири Давлат Сафарзода “Маданият” номинациясида, М.Авезов номидаги Қозоғистон Миллий драма театри актёри Еркебулан Дайиров “Театр ва кино” йўналишида, Озарбайжон халқ артисти Алим Гасимов “Мусиқа ва рақс” номинациясида, Туркманистон халқ артисти Бабасари Аннамирадов “Тасвирий ва амалий санъат” йўналишида, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилафруз Эгамбердиева “Фан, таълим ва рақамли технологиялар” номинациясида танловнинг илк ғолиблари бўлди.

Етакчилар ҳузурида лауреатларга мукофот ҳайкалчаси, диплом ҳамда 10 минг долларлик пул мукофоти топширилди.

Давлат раҳбарлари совриндорлар билан суратга тушдилар.

Теглар

Мавзуга оид

Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчилари Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилди | Vaqt.uz