Тошкент атрофидаги иссиқхоналарда чиқинди ва мазут ёқиш тақиқланди
Жорий йилнинг 15 октябридан келгуси йилнинг 15 мартига қадар Тошкент ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналар фаолияти дронлар ҳамда замонавий кузатув воситалари ёрдамида узлуксиз экологик мониторинг қилинади.
© Ekologiya va iqlim o‘zgarishi milliy qo‘mitasiТошкент шаҳри ва унга туташ бешта тумандаги иссиқхоналар фаолиятида табиий газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат берилади ҳамда шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқиш қатъиян тақиқланади. Бу ҳақда 13 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга иссиқхоналар фаолиятига «яшил» технологияларни жорий қилиш юзасидан ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.
Қатъий экологик назорат ва қишки мониторинг
Куз-қиш ойларида ҳаво ҳарорати инверсияси ва шамолнинг сустлашиши оқибатида пойтахт атрофида ташламалар тўпланишининг олдини олиш мақсадида махсус экологик тартиб жорий этилмоқда. Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга 1 декабрга қадар муқобил манбаларга ўтиш таклиф этилади.
Қаттиқ ёқилғидан фойдаланишни давом эттирувчи хўжаликларга фақатгина ёқилғини ёпиқ жойда сақлаш, автоматлаштирилган қозонлар ва самарали чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш, кул ва шлакни хавфсиз йиғиш шароитини яратиш, захира генераторига эга бўлиш ҳамда тутун мўрисининг минимал баландлик меъёрига мувофиқлиги каби қатъий техник талаблар асосидагина рухсат берилади.
Жорий йилнинг 15 октябридан келгуси йилнинг 15 мартига қадар иссиқхоналарда дронлар ва жамоатчилик назорати вакиллари иштирокида доимий экологик мониторинг олиб борилади. Ўлчов ускуналари ва видеокузатув воситаларидан олинадиган маълумотлар Экология қўмитасининг ахборот тизимига реал вақт режимида узатилади. Чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаган, ташламалар меъёрини бузган ёки тақиқланган ёқилғи ишлатган объектларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилиб, зарур ҳолларда уларнинг фаолияти тўхтатилади.
Молиявий кўмак ва солиқ имтиёзлари
Иссиқхона хўжаликларининг янги талабларга мослашишини таъминлаш учун махсус молиявий кўмак пакети ишлаб чиқилган. Экологик ва энергия тежамкор ускуналарни ўрнатганлик учун ҳар гектар ҳисобига 50 миллион сўмгача субсидия ҳамда етти йил муддатга 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Мониторинг ускуналарини харид қилиш харажатларини енгиллаштириш ҳам кўзда тутилган.
Шахсий томорқалардаги иссиқхоналар учун 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилади, айланмадан олинадиган солиқ бекор қилинади ҳамда энергия тежамкор тизимлар сарфлаган электр энергияси харажатининг тенг ярми қоплаб берилади. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги хонадонларга «яшил» энергия манбаларини жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант, янги «яшил» иссиқхона қуришга 300 миллион сўмгача, мавжудини қайта жиҳозлашга эса 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Шу билан бирга, 50 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар учун экологик хавфсиз иссиқхоналар барпо этилади. Ифлосланган дренаж ва фильтр сувларини йиғиш ҳамда қайта ишлатиш мақсадида Оҳангарон туманида махсус инфратузилма яратилади.
Иссиқхоналарни Шерободга кўчириш ва янги агрологистика объектлари
Иқлими қулай ҳудудларда замонавий иссиқхоначиликни кенгайтириш мақсадида Шеробод туманидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасида 940 гектар ер ажратилиб, ҳудуднинг мастер режаси ишлаб чиқилди. Банклар балансидаги, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқхоналарни ушбу зонага кўчириш режалаштирилмоқда.
Мазкур эркин иқтисодий зонада инвесторлар учун беш йил давомида ер ижарасига ноль ставка қўлланилади ва улар беш йил муддатга ер, мол-мулк ва фойда солиқларидан ҳамда олиб келинадиган ускуналар божхона божидан озод қилинади. Канализация ва ер ости сувлари тўловлари бўйича ҳам уч йиллик имтиёз берилади. Қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган лойиҳалар ҳамда Тошкентдан кўчириладиган иссиқхоналар учун ер участкалари норматив қийматининг бор-йўғи 1 фоизи миқдоридаги бошланғич нарх билан аукционга чиқарилади. Зонанинг 400 гектар майдонида иссиқхоналар ва агрологистика объектлари барпо этилиб, инвесторларга тайёр лойиҳа сифатида сотилади. Инфратузилма яратишга 220 миллиард сўм, лойиҳаларни молиялаштиришга 200 миллиард сўм йўналтириш ҳамда 2027 йилда 100 миллион доллар инвестиция жалб қилиш белгиланди.
Мутасадди раҳбарларга иссиқхоналарнинг жойлашуви ва энергия ресурсларини акс эттирувчи рақамли харита ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш имкониятларини кенгайтириш вазифаси юклатилди.





